ALOQA UCHUN

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Куни кеча “Uzbekneftegaz” АЖ расмий  телеграм канали ҳамда ахборот манбалари орқали “Ўзбекнефтгаз”: Электр тармоқларида электр таъминотининг узилиши табиий газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш қурилмалари авариявий ҳолатда тўхтади” сарлавҳали материал эълон қилинди.

Унда, хусусан, жорий йилнинг 19 июнь куни соат 06:25 да “Ўзбекнефтгаз” АЖ ишлаб чиқариш объектларини таъминлаб турган, “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари" АЖга қарашли "Бухоро"-220/110/35 кВ подстанциясидан тармоқланган, "Бухоро ҳудудий электр тармоқлари" АЖга тегишли "Газли-1" 110 кВ ҳаво линиясида электр энергияси қисқа муддатли ўчиши содир бўлиши натижасида “Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли “Ғарбий” компрессор станциясидаги газ ҳайдаш агрегати, 3 та газни олтингугуртдан тозалаш технологик қурилмалари ва технологик қурилмаларга иссиқлик энергиясини етказиб турган 5 та буғ қозонлари меъёрий иш режимидан авариявий ҳолатда тўхталгани маълум қилинди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан мазкур ҳолат атрофлича ўрганилиб, қуйидагиларни маълум қилади.

“Бухоро ҳудудий электр тармоқлари” АЖдан олинган маълумотларга кўра, 2022 йилнинг 19 июнь куни тонгги соат 06:22 да “Газли-2” 110 кВли ҳаво электр узатиш тармоғида уша куни кузатилган кучли шамол сабабли аварияли узилишлар кузатилган. Диспетчерлик хизмати ходимлари томонидан ушбу ҳолатда бир марталик қайта тармоққа улаш ишлари олиб борилган ва соат 06:43да электр энергияси таъминоти қайта тикланган. 

Узилиш сабабларини аниқлаш ва юзага келган ҳолатни бартараф қилиш мақсадида Жамият томонидан дастлабки ўрганиш ишлари амалга оширилиб, хусусан, умумий узунлиги 160 км.дан ортиқни ташкил қилувчи “Газли-2” 110 кВли электр узатиш тармоғининг “Бухоро ҲЭТК” АЖ ҳисобидаги 117 км электр узатиш тармоғида юқоридаги ҳолатга тегишли, яъни аварияли узилишлар келиб чиқишига сабаб бўлувчи  камчиликлар аниқланмаган. Электр узатиш тармоғининг қолган 43 км қисми эса “Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” томонидан тасарруф этилади.

Маълум бўлишича, ҳозирда “Газли-2” 110 кВли электр узатиш тармоғида кузатилган узилишлар сабабларини аниқлаш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, вазиятни ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Шу ўринда, келгусида бу каби ҳолатлар содир бўлмаслигини олдини олиш учун “Газли-2” 110 кВ электр узатиш тармоғининг “Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га тегишли қисмини ҳам атрофлича кўрикдан ўтказиш мақсадга мувофиқлигини билдириб қоламиз.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Ўзбекнефтгаз” АЖдан авария ҳодисаси тафсилотларини тўлиқ ва атрофлича ўрганмасдан, юқоридаги каби асоссиз маълумотлар тарқатмасликни сўраб қолади.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

  • 20.06.2022
  • 1744
Sayt xaritasi