“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ ЮРИДИК ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ТОМОНИДАН ҚУЁШ ПАНЕЛЛАРИ ОРҚАЛИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ СОТИБ ОЛИШНИ БОШЛАДИ
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 22 ноябрь куни қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда аҳоли ва тадбиркорларнинг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишини қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидлаб ўтилганди.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига республикамизда аккумуляторсиз 100 кВт қувватдаги тармоқ қуёш электр станцияси ўрнатилган бўлиб, унинг ёрдамида энергия манбаини ҳосил қилиш йўлга қўйилган. Ҳозирги кунга келиб қуёш электр станцияси орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси университетнинг ўз эҳтиёжларини тўла қоплаб, унинг ортган қисмини “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга сотиш бўйича келишувлар олиб борилаётган эди.
Бугун, 21 декабрь куни Университет маъмурияти ҳамда “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” АЖ ўртасида “Қайта тикланувчи энергия манбаларининг кичик объектларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида” шартнома имзоланди.
Бугундан бошлаб ўқув даргоҳида ишлаб чиқарилган электр энергияси электр таъминоти корхоналари томонидан кафолатланган тарзда АСКУЭ тизими доирасида ўрнатилган замонавий электрон ҳисоблагичлар орқали сотиб олинади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур амалиёт Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 июлдаги 610-сон қарори билан тасдиқланган “Электр энергияси, шу жумладан, энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик субъектларини ягона электр энергетика тизимига улаш регламенти”га асосан амалга оширилмоқда.
Маълумот ўрнида, Универсететда жорий йилнинг февраль ойида ишга туширилган қуёш станцияси 1 200 квадрат метр майдонда жойлашган бўлиб, бу ерда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ҳар бирининг қуввати 350 Вт бўлган 288 дона қуёш панеллари ўрнатилган.
Станция ёрдамида бир йилда ўртача 220 000 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши ҳисобга олинса, 25 йилда мазкур кўрсаткич 5 млн. кВт соатни ташкил этади. Афзаллик томонлари ҳақида гап кетганда, куннинг кундузги вақтида қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергияси университет фойдаланаётган ички электр тармоғига параллель равишда қўшилади ва бунинг натижасида қуёш электр станцияси ишлаб чиққан электр энергияси миқдорича қувват ҳудудий электр тармоқларидан олиниши камаяди.
Эслатиб ўтамиз: жорий йилнинг 3 ноябридан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан аҳоли хонадонидаги қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси сотиб олиш амалиёти бошланган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.