ALOQA UCHUN

ҒОФУРЖОН ПУЛАТОВ ПОСТИГА РАСМИЙ МУНОСАБАТ

ҒОФУРЖОН ПУЛАТОВ ПОСТИГА РАСМИЙ МУНОСАБАТ

“Facebook” ижтимоий тармоғида Ғофуржон Пулатов томонидан эълон қилинган “Айтсам тилим, айтмасам дилим” номли пост юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ қуйидагиларни маълум қилади.

“Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ таркибида янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш ва “комплаенс-назорат” бўлимига бўлим бошлиғи ва бош мутахассис лавозимлари учун ўтказилган танловнинг ҳар бир босқичи очиқ ва шаффоф тарзда, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилиб, барча жараёнлар тўлиқ тасвирга олинган.

Танлов “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ юридик департамент бошлиғи, коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” бўлим бошлиғи, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакили, “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ директор ўринбосари, касаба уюшмаси раиси, ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, юридик бўлим бошлиғидан иборат комиссия аъзолари иштирокида ўтказилди.

Комиссия томонидан коллегиал равишда номзодларнинг касбий тайёргарлиги, амалий тажрибаси, қонунчиликка оид, хусусан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимлари, фаолият олиб бораётган соҳадаги шахсий ютуқлари, коррупцияга қарши курашиш соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар, сиёсий саводхонлиги, мантиқий ва таҳлилий фикрлаш қобилиятлари қарор қабул қилиш жараёнида ўрганилди.

Янги ташкил этилган бўлимнинг асосий фаолият йўналиши “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ тизимида коррупцияга қарши курашиш, у билан боғлиқ ҳар қандай хавф-хатарларни олдини олиш бўлгани учун номзоднинг электр энергетикаси тизимига оид билимлари, энергетика соҳасини қай даражада ўргангани, фаолиятда коррупцион хавф-хатарларни бартараф этиш юзасидан берган амалий таклифлари комиссия аъзолари томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, номзод Ғ. Пулатов тест синовидан муваффақиятли ўтган бўлсада, суҳбат жараёнида ўзи томонидан ҳудудий электр тармоқлари корхонаси  фаолиятига оид етарлича маълумотга эга эмаслиги, соҳадаги коррупцион хавф-хатарларни бартараф этиш юзасидан амалий таклифлари мавжуд эмаслиги ва электр энергиясини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишиб чиқмаганлиги аён бўлди.

Шунингдек, Ғ. Пулатовнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлари диққат билан ўрганилганда, унинг коррупцияга қарши курашиш ёки энергетика соҳасида етарли даражада иш тажрибасига эга эмаслиги  эътиборга олинган.

Шуларга асосан, номзод Ғ. Пулатов “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Коррупцияга қарши курашиш ва “комплаенс-назорат” бўлимига бўлим бошлиғи ҳамда бош мутахассис лавозимига тавсия этилмаган.

Шу ўринда ишга қабул қилишга тавсия этилган номзодлар юқоридаги талабларга жавоб берган ва коллегиал равишда комиссия томонидан баҳоланганини қайд этиш жоиз.

Маълумот ўрнида, ушбу танлов “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари томонидан танловнинг ҳар бир босқичи очиқ ва шаффоф ўтказилишига амалий кўмак берилган.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ.

  • 07.06.2021
  • 2047
Sayt xaritasi