“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ: 1 АВГУСТГА ҚАДАР ЛОЙИҲАНИ ТЎЛИҚ ЯКУНЛАШ УЧУН БАРЧА ИМКОНИЯТЛАР САФАРБАР ЭТИЛГАН
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ҳолати ва эришилган натижалар” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда Жамият мутасаддилари, соҳа мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов анжуман бошида йиғилганларга замонавий тизимни амалиётга жорий этиш бўйича шу кунгача амалга оширилган ишларга қисқача тўхталиб ўтди.
Бугунги кун ҳолатига республика бўйича жами 6 миллион 900 мингдан ортиқ ҳисоблагич ўрнатиб бўлинди. Президентимиз томонидан жорий йил 1 августгача жами 7 миллион 400 мингтага яқин ҳисоблагични алмаштириш бўйича берилган топшириққа асосан бу борадаги ишлар қарийб 93 фоизга уддаланди, – деди Ж. Обиджонов. – Ҳозиргача ушбу ўрнатилган ҳисоблагичларнинг қарийб 5 миллионга яқини биллинг тизимига уланган бўлиб, яъни биллинг тизимига уланган ушбу истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар автоматик равишда амалга оширилмоқда ва ҳисоблагичлар бўйича маълумот олиш ва назорат қилиш имконияти мавжуд.
Айтиш керакки, АСКУЭ тизимини жорий этишдан асосий мақсад истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлаш, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, шу билан бирга, истеъмолчиларнинг фойдаланган электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, электр энергиясини тақсимлашда ҳар бир истеъмолчи ва трансформатор пункти кесимида керакли маълумотларни олиш ва таҳлил қилиб бориш, шу билан бирга, ушбу олинган маълумотлар асосида модернизация ишларини амалга ошириб бориш ҳисобланади.
Бундан ташқари, ушбу тизим орқали истеъмолчиларнинг ҳисоблагичларига ташқаридан аралашувларини, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олди олинади. Қолаверса, кўп ҳолатларда қарздорлиги мавжуд истеъмолчилар тармоқдан ажратилганда улар томонидан ўзбошимчалик билан қайта уланиб олиш ҳолатлари мавжуд эди. АСКУЭ тизими айнан шундай ноқонуний аралашишларнинг олдини олади. Дейлик, истеъмолчи томонидан шундай ҳолатга йўл қўйилган ва қарздорлик қопланган тақдирда ҳам ҳисоблагичлар автоматик ёқилмайди. Бунинг учун электр таъминоти корхоналари мутахассислари томонидан тегишли чоралар кўрилгач, ёқиб берилади.
Шу билан бирга, ушбу тизим жойлардаги катта юкламалар билан ишлаётган трансформатор пунктлари ёҳуд тармоқларни аниқлаш, юзага келадиган аварияли ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, унинг ёрдамида келгусида модернизация ва қурилиш ишларини амалга ошириш ҳамда, энг асосийси, истеъмолчиларимизни барқарор электр энергияси билан таъминлаш учун хизмат қилади.
Анжуман давомида, шунингдек лойиҳа қувватлари ҳақида тўхталиб ўтилди. Хусусан, умумий қиймати 587 миллион АҚШ долларга тенг бўлган мазкур лойиҳанинг илк босқичи Осиё Таракқиёт банки томонидан молиялаштирилгани ва бунинг учун 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилгани ҳақидаги маълумотлар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Тизим тўлиқ жорий этилиши натижасида электр энергияси таъминотида сезиларли ўзгаришлар бўлиши, аввало, тизимдаги тиғиз соатларда юкламани бошқариш имконияти яратилиб, истеъмолчиларга электр энергиясини олдиндан тўлов асосида етказиб бериш орқали қарздорлик ҳосил бўлишининг олди олиниши, шу тариқа тўлов маданияти шакллантирилиши ҳақида гапирилди. Қайд этилганидек, айланма маблағлар танқислиги сабаб модернизация ва реконструкция қилинмаётган тармоқларга кўпроқ маблағ ажратиш ҳисобига электр энергиясини узатишдаги узилишлар сони сезиларли даражада қисқаришига эришилади. Асосийси, дастур орқали қайси тармоқ ёки ҳудудларда меъёрдан ортиқ йўқотишлар бўлаётганини аниқлаш орқали электр энергиясини узатишда тижорат йўқотишларга имкон қадар тўсиқ қўйилади.
Таъкидлаш жоизки, электрон ҳисоблагичлар Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар – “Электрон ҳисоблагич” ҚК ва “Тошэлектроаппарат” МЧЖлар томонидан жаҳон стандартлари асосида юртимиз иқлим шароити, хусусан, ҳавонинг энг иссиқ ва энг совуқ даражасига мослаштирилган ҳолда ишлаб чиқарилмоқда.
Автоматлаштирилган тизимга уланган электр ҳисоблагичлардан фойдаланиш, аввало, фуқароларга ҳам қулайлик яратади. Аввалги ҳисоблагичларда саноқли маълумотлар жамланган бўлса, “ақлли ҳисоблагичлар”да 40 га яқин маълумотни кўриш имконияти мавжуд бўлиб, эгасига тахминан 25 йилгача хизмат қилиши кўзда тутилган, – дейди Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази директори Р. Мирсалихов.
Матбуот анжуманида истеъмолчиларга қулайлик яратиш ҳамда ҳисоблагичларга техник хизмат кўрсатиш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Самарқанд шаҳрида лойиҳанинг 1-фазаси доирасида Самарқанд, Бухоро ва Жиззах вилоятларида ўрнатилган “KAIFA” русумли ҳисоблагичларга сервис хизматини кўрсатувчи Марказ ўз ишини бошлагани ҳақида гапириб берилди.
Таъкидланганидек, Марказнинг вазифаларига кафолатли бепул ёки пуллик хизмат кўрсатиш, ҳисоблагич нуқсонларини бартараф этиш учун эҳтиёт қисмларни бошқариш, маълум даражадаги нуқсонларни таҳлил қилиш билан бирга, носоз қурилмаларини шу ернинг ўзида тузатиш имкони мавжуд.
Айни кунларда республикамизнинг қолган ҳудудларида ҳам маҳаллийлаштириш дастури асосида “Электрон ҳисоблагич” ҚК ва “Тошэлектроаппарат” МЧЖда ишлаб чиқарилган ҳисоблагичларга хизмат кўрсатиш сервис Марказларини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.