ALOQA UCHUN

Аниқ мақсадли ишлар электр энергияси таъминотини яхшилашга қаратилган

“Аниқ мақсадли ишлар электр энергияси таъминотини яхшилашга қаратилган”
-  Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш Маркази директори Равшан МИРСАЛИХОВ АСКУЭ тизими жорий этилиши ва мавжуд шикоятлар юзасидан изоҳ берди.

2018 йилда Президентимизнинг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг республикада электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этишни жадаллаштириш бўйича қарорлари қабул қилиниб, ушбу мақсадда республикадаги электр энергияси истеъмолчиларининг ҳисоблагичларини АСКУЭ тизимига мос ҳисоблагичларга алмаштириш ишларига жиддий киришилди.

Бу тизимни жорий этишдан асосий мақсад,

- истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш;

- истеъмолчилар орасида фойдаланилган электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш;

- ушбу тизим орқали истеъмолчиларнинг ҳисоблагичларига ташқаридан аралашувлар, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш;

- энг асосийси, истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлашга эришидир.

Иккинчидан, ушбу тизим орқали олинган маълумотлар асосида ҳар бир истеъмолчи ва трансформатор пунктлари бўйича таҳлиллар амалга оширилиб, аниқ маълумотлар асосида модернизация ва реконструкция ишларини амалга ошириш имконияти яратилади.

Бугун республикамизда АСКУЭ тизимини жорий этиш ишлари жадал суръатларда амалга оширилаётган бўлиб, айни пайтгача 6 миллион 525 мингдан ортиқ ҳисоблагич ўрнатиб бўлинди. Режага асосан, жами 7 миллион 400 мингтага яқин ҳисоблагич алмаштирилиши кераклиги ҳисобга олинса, бу – қарийб 89 фоиз истеъмолчининг ҳисоблагичлари тизимга мос ҳисоблагичларга алмаштириб бўлинди, дегани.

Ҳозиргача ушбу ўрнатилган ҳисоблагичларнинг қарийб 4 миллион 70 мингтадан ортиғи биллинг тизимига уланган бўлиб, яъни биллинг тизимига уланган ушбу истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар автоматик равишда амалга оширилмоқда ва ҳисоблагичлар бўйича маълумот олиш ва назорат қилиш имконияти мавжуд.

Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида аҳамият қаратмоқчиман, жорий этилаётган тизим истеъмолчиларга олдиндан тўлов асосида электр энергиясини етказиб бериб, истеъмолчиларнинг фойдаланган электр энергияси учун қарздорлиги вужудга келганда автоматик тарзда электр энергияси етказиб бериш тўхтатилади, яъни истеъмолчи электр тармоғидан ажратилади. Истеъмолчи томонидан қарздорлик бартараф этилиб, олдиндан тўлов амалга оширилгач, қисқа муддатларда тизим автоматик тарзда электр тармоғига уланади ва истеъмолчига электр энергияси етказиб бериш давом этади.

Истеъмолчилар томонидан электр таъминот ўчирилгандан сўнг қайта тармоққа улаш зудлик билан амалга оширилмаётгани ҳақида эътирозлар бўлмоқда.

Ҳа, албатта, баъзи ҳудудларда шундай ҳолатлар учраб турибди. Ушбу ҳолат юзасидан шуни таъкидлаш жоизки, лойиҳа ҳозирда жорий этилиш жараёнида бўлиб, ҳали тўлиқ охирига етмаган. Ўз навбатида, қайсидир жараёнларда камчиликлар бўлиши мумкин. Шу жиҳатдан тизим тўлиқ фаолият юритиши учун ҳозирги вақтда маълум техник камчиликлар вужудга келиши табиий.

Тез тармоққа уланмаслик ҳолатлари юзасидан ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки истеъмолчилар томонидан ҳам тармоққа қайта улашда тизимга таъсир этувчи омиллар вужудга келмоқда. Жумладан, истеъмолчилар фақатгина мавжуд қарздорликни бартараф этиб, электр энергияси учун олдиндан тўлов амалга оширмаётганлиги, юқорида таъкидланганидек, тизим олдиндан тўлов асосида электр энергияси етказиб беришини ҳисобга олсак, айни омиллар истеъмолчини тармоққа қайта уланмасликка сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга кўпчилик истеъмолчилар томонидан икки ёки уч томонлама электр тармоғига уланганлик ҳолатлари мавжуд бўлиб, халқ тили билан айтганда, “рубильник” қўйиб фойдаланиб келишмоқда. Бундан ташқари, тармоқдан ажратилгандан сўнг ҳисоблагичларга ташқаридан аралашув орқали тармоққа қайта уланмоқчи бўлишлари сабабли ҳисоблагичларни ўзини блоклаш тизимига тушириб қўйишмоқда, ушбу ҳолатлар ҳам тармоққа қайта улашда ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Жорий этилаётган тизимнинг ҳозирги кундаги қулайликларига тўхталадиган бўлсам, янги тизим истеъмолчиларга қатор қулайликлар яратмоқда. Келинг, ушбу тизим жорий этилгандан олдинги ҳолатни эсласак. АСКУЭ жорий қилинишидан олдин ҳисоблагичларимиз оффлайн режимида ишларди. Агар қарздор бўлса, уйига бориб электрни ўчириш учун сим кесиларди. Қайта ёқиш керак бўлганда, қарздорликка қўшимча равишда қайта улаш тўловлари амалга оширилгандан сўнг истеъмолчилар журналга қайд этилган навбат асосида ва ўчириш бригадаларининг етиб боришини кутиб тармоққа қайта улаб бериларди.

Ҳозирда тармоққа қайта улашда истеъмолчилардан қўшимча тўловлар талаб этилмаяпти ва истеъмолчини тармоқдан ажратиш ҳамда қайта улаш автоматик тарзда амалга оширилмоқда.

Яна бир қулайлиги, ходимларимиз уйма-уй юриб, истеъмолчиларни ортиқча безовта қилмайди. “Ҳисоблагич кўрсаткичини қайд этиб олай, қарздор бўлиб қолдингиз, тўланг, ҳисоблагичга ташқи аралашув бўлган...”, деган гаплар бўлмайди. Ҳаммаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими, яъни АСКУЭ орқали амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, бу ишларни йўлга қўйиш натижасида электр энергияси таъминотида сезиларли ўзгаришларга эришяпмиз. Аввало, тизимдаги тиғиз соатларда юкламани бошқариш имконияти яратилиб, истеъмолчиларга электр энергиясини олдиндан тўлов асосида етказиб бериш орқали қарздорлик ҳосил бўлишининг олди олинади. Шу билан бирга, энг асосийси,  истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги муносабатлар ва ҳисоб-китоблар шаффофлиги таъминланади.

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Матбуот хизмати.

  • 18.04.2021
  • 1546
Sayt xaritasi