ALOQA UCHUN

ТАҚДИРИМНИ ЎЗГА СОҲАДА ТАСАВВУР ҚИЛА ОЛМАЙМАН...

ТАҚДИРИМНИ ЎЗГА СОҲАДА ТАСАВВУР ҚИЛА ОЛМАЙМАН...

Касб танлаш – ҳар бир инсон ҳаётидаги энг муҳим танловлардан бири. Негаки касб  нафақат даромад топиш манбаи, балки умрнинг асосий қисми сарфланадиган фаолият ҳамдир. Инсон мустақил ҳаётга қадам қўяр экан, энг аввало, келажакда ўзи севган, қизиққан касб эгаси бўлишга ҳаракат қилади. Умрининг 36 йилини энергетика соҳасига бағишлаган инсон, “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ Нимстанциялар хизмати навбатчи электромонтёри Абдувосид Нодиров ҳам танлаган касбининг фидойиларидан биридир.

-        Абдувосид ака, айтингчи, бу соҳада қачондан ишлай бошлагансиз?

-        Вилоят марказидан анча олис бўлган Ғазнов қишлоғида туғилганман. 1981 йилда Қўқон қишлоқ хўжалиги техникумининг “Электрлаштириш” йўналишини тамомлаб, Сўх сув омбори қурилишида электромонёр сифатида, кейинчалик Сўх (Риштон туманидан ажралгач) туманида ишлай бошлаганман.

-        Ишингиз ўзингизга ёқадими?

-        Энергетика соҳасига ёшликдан қизиқаман. Айни соҳада 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида ишлаб келяпман. Шу соҳа орқали 4 нафар фарзандни вояга етказдим, тарбия бердим, уй-жойли қилдим.

-        Фарзандларингиз орасида касбингизни танлаганлари борми?

-        Турмуш ўртоғим Тиллохон Нодирова билан 1981 йилда оила қурганмиз. Бирин-кетин фарзандлар туғилди. Ҳозир 11 нафар набирамиз бор. Катта ўғлим Абдуфаттоҳ ишимни давом эттиришни истади. Қаршилик қилмадим, жуда хурсанд бўлдим. Ўқишни тамомлагач, ёнимда ишлай бошлади. 

-         Узоқ йиллардан буён шу соҳада ишлаб келяпсиз. Шогирдларингиз ҳам кўп бўлса керак?

-        Тўғрисини айтсам, ҳали ўзимни устоз деб билмайман. Ҳали ҳам ўрганадиган нарсаларим кўп. Ишни энди бошлаганимда Яхёжон ака Мирзаевдан касбимиз сир-асрорларини ўрганганман. Яқинда Риштон-Сўх йўли очилганда, устозимнинг уйига бориб, хабар олиб келдим. Бу соҳада ҳамма ҳам ишлолмайди. Касбини севадиган, астойдил ўрганишни истайдиган ёшларга ўзим билганларимни ўргатишга, соҳага татбиқ этилаётган янгича технологияларни амалиётда синаб, биргаликда қўллашга доим тайёрман. Ана шундай шогирдларим бир нечта. Улар ҳозир бошқа туманларда масъул лавозимларда ишлашяпти. Уларнинг эришёатган ютуқларини кўриб, фахрланаман, умрим бекор ўтмаганига хурсандман.

-        Фаолиятигиз ҳақида гапириб берсангиз...

-        Сўх тумани кўҳна ва навқирон гўша. Туманимизнинг энг чекка ҳудудлари – “Тул”, “Қалача”, “Ғазнов” маҳаллалари ҳисобланади. Асосий иш фаолиятим ана шу маҳаллаларнинг электр энергияси таъминотини тун-у кун назорат қилишдан иборат. Мен назорат қиладиган 35/10 кВли "Ғазнов" нимстанциясида қуввати 2500 кВА бўлган куч трансформатори 2400га яқин истеъмолчини электр энергияси билан таъминлайди. Иш фаолиятимдан, ҳалқимизга хизмат қилаётганимдан доим фахрланиб ишлайман.

-        Иш жараёнингизда кўпроқ нимага аҳамият қаратасиз?

-        Нимстанциядаги электр қурилмаларининг соз ҳолатда, сифатли ишлаши, албатта, бу ерда меҳнат қилаётган ходимга ҳам боғлиқ. Электр қурилмаларини доимий назорат қилиб, юзага келган носозликларни тезкорлик ва ўз вақтида бартараф этиш, меъёрида ишлашини таъминлаш бизнинг биринчи галдаги вазифамиздир. Албатта, хавфсизлик техникаси қоидаларига амал қилган ҳолда.

-        Агар имконият берилса, яна шу касбни танлаган бўлармидингиз?

-        Ишимни жуда яхши кўраман. Баъзан қирқ километр йўлни уйимгача пиёда босиб ўтиб: “бўлди, ишламайман”, дея, эртасига яна ишга шошган пайтларим кўп бўлган. Фавқулотда вазиятларда 24 соатлаб ишлашга тўғри келарди, аммо ҳеч қачон нолимаганман, ахир шу касбимнинг орқасидан ҳалол ризқ топдим, икки ўғил, икки қизни вояга етказдим.

-        Мазмунли ва мароқли суҳбат учун раҳмат. 

"Фарғона ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.

  • 16.04.2021
  • 1198
Sayt xaritasi