ЯНГИ ТИЗИМ ХАЛҚ МАНФААТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Фарғона вилоятида ҳам электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Айни кунларда ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида жойларда ўқув-семинарлар ташкил этилиб, уларда янги тизимнинг қулайликлари ҳақида маълумотлар берилмоқда. Жумладан Данғара, Бешариқ, Учкўприк, Фарғона туманлари ҳамда Қувасой шаҳрида ўтказилган семинарларда бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида тегишли ташкилотлар мутасаддилари алоҳида тўхталиб ўтдилар. Хусусан,
Данғара туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи В. Тўйчиев:
- Жорий этилаётган АСКУЭ тизими ҳамда истеъмолчиларга ўрнатилаётган “ақлли ҳисоблагичлар”нинг асосий вазифаси фойдаланилган электр энергияси учун амалга оширилаётган ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлашга қаратилган.
Бешариқ туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи Т. Умматов:
- Янги тизимнинг афзалликлари ҳақида гап кетганда шуни алоҳида таъкидлардимки, эндиликда фуқароларимиз электр таъминоти корхонаси ёки банклар эшигида узундан-узун навбатларда туришмайди. Электр ҳисоблагичларнинг кўрсаткичлари туширилган сурат билан ташкилотма-ташкилот юриб, ниманидир исботлашга мажбур бўлишмайди. “Ҳисоблагичингиз кўрсаткичини ёзиб олай”, деб ҳеч ким безовта ҳам қилмайди.
Учкўприк туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи Н. Мелиқўзиев:
- Ҳисоблагич ўрнатилгач, АСКУЭга уланади, код киритилиб, ҳисоб рақам очилади. Истеъмолчиларга SMS хабар орқали барча маълумотлар автоматик тарзда етказиб турилади. Шунингдек, мобил иловалар орқали тўловни уйдан чиқмай “online” режимида амалга ошириш, энг муҳими, “Шахсий кабинет” орқали қанча электр энергияси сарфланганини кузатиб туриш имкони мавжуд.
Фарғона туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи Ш. Хомиджонов:
- Янги тизимда ҳисоблагичдаги маълумотлар компьютер орқали назорат қилинади. Электр таъминоти корхонаси ходимлари уйма-уй юришга кетадиган вақтини тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилашга сарфлайди. Шунингдек, истеъмол қилинган энергия ҳақидаги маълумотларни йиғишда инсон омили таъсири камаяди.
Қувасой шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи М. Усмонов:
- Янги тизим орқали сансалорлик ва бюрократия ҳолатларига бутунлай барҳам берилади. Ушбу замонавий ҳисоблагичлар 10 йилда бир маротаба қиёсловдан ўтказилиши ҳам истеъмолчиларни ортиқча оворагарчиликлардан халос этади.
Семинарлар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олиш асносида, янги тизим халқ манфаатига хизмат қилишини эътироф этишмоқда.
“Фарғона ҲЭТК” матбуот хизмати.