"ФАРҒОНА ҲЭТК" АЖ: ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР СОҲА РИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Юртимизда бунёдкорлик авжида. Қаёққа қарамайлик, осмонўпар бино-иншоотлар, ижтимоий ва турли соҳа объектлари қад кўтараётганини кўрамиз. Бугунги замонавий биноларнинг мустаҳкамлиги эса ўз-ўзидан унда ишлатилаётган қурилиш материалларининг сифатига тўғридан-тўғри боғлиқдир.
Шу маънода, давлатимиз раҳбари томонидан бу борада кейинги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ энергетика соҳасида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунда янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи товарлар ҳажмини янада кўпайтириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш орқали миллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини оширишга алоҳида аҳамият қаратилаётир.
Куни кеча “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ташаббуси билан “Фарғона ҲЭТК” АЖ негизида янги ишлаб чиқариш цехлари фойдаланишга топширилгани соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси десак, муболаға бўлмайди.
Маълумки, арматура нафақат бино ва иншоотларни барпо этиш, балки истеъмолчиларга сифатли электр энергияси етказиб бериш соҳасида ҳам зарур қурилиш материалларидан бири ҳисобланади. Лойиҳа қиймати 1,6 млрд. сўм бўлган, замонавий қурилмалар билан жиҳозланган янги сцепная арматура цехини ишга тушириш учун уй ойгина кифоя қилди. Қисқа муддат ичида жамиятнинг ўз маблағи ва тажрибали мутахассислари ёрдамида бу ерда сифатли маҳсулотлар, яъни Р-645, РА-1500, ES-1500, Р-70, DN-1 маркали арматуралар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан маҳаллийлаштириш дастури асосида амалиётга татбиқ этилган мазкур лойиҳа орқали 20 дан ортиқ иш ўрни яратилиб, соҳада зарур бўлган темир маҳсулотлари ўрнини тўлиқ қоплаш, шунингдек, эҳтиёждан ташқари ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни давлат шартномавий хизматлар орқали истеъмолчиларга етказиб бериш ҳам кўзда тутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жамиятда иш самарадорлиги юқори бўлган жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, бу ерда темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш, мавжуд қувватларни ошириш, бундан ташқари металл қурилмалар ва СИП арматуралари тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган. Бу эса, ўз навбатида, йиллар давомида бу борадаги муаммоларга чек қўйилишига хизмат қилади.
Фақат Тошкент шаҳрида ишлаб чиқариладиган СИП арматураларига эҳтиёж ва буюртма кўп бўлгани сабабли режадаги вазифаларни бажаришда қатор муаммолар мавжуд эди. Янги цех ишга тушгач, СИП симларни темир-бетон таянчларга маҳкамлаш учун зарур бўладиган турли хилдаги арматураларга талабимиз тўлиқ қондирилиши баробарида, жамиятга катта иқтисодий фойда ҳам келтирмоқда, – дейди корхонанинг иқтисод ва истиқболлаш бўлими бошлиғи Икромжон Мадумаров.
Тақдимот маросимида сўз олган “Фарғона ҲЭТК” АЖ раҳбари Д. Жалилов истиқболли лойиҳаларнинг яқин келажакдаги самараси, экспорт салоҳияти, шу билан бир қаторда фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган полимер изоляторлар ва металл анкер таянчлари ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳақида йиғилганларга батафсил гапириб берди.
Таъкидланишича, ушбу маҳсулотларнинг ҳам маҳаллийлаштирилиши корхонага йиллик жами 20 миллиардга яқин фойда келтириб, қўшимча иш жойлари, айниқса ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш имконини кенгайтиради.
“Фарғона ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.