ТАШРИФ БУЮРИНГ, ГУВОҲИ БЎЛИНГ
XXI аср – ахборот технологиялари асри. Дарҳақикат, бугунги кунда ахборот технологиялари кириб бормаган бирон соҳа бўлмаса керак. Оддий мисол, компьютер қурилмалари ва телефон аппаратлари ҳар бир замондошимизнинг ҳақиқий маънодаги ёрдамчисига айланиб бормоқда.
Куни кеча “Бухоро ҲЭТК” АЖда корхона ташкил қилинганлигининг 70 йиллиги муносабати билан 1993 йилда ташкил қилинган музей қайта таъмирланиб, ишга туширилди. Юқорида қайд этилган фикрнинг исботи сифатида, музейда корхона ташкил топганидан то ҳозирги давргача бўлган корхона фаолиятига тегишли экспонатлардан ташқари, янгилик сифатида AR (инглизча: “augmented reality”) – кенгайтирилган воқелик технологияси қўлланилди.
Таъкидлаш жоизки, музейга ташриф буюрганлар ўзларининг смартфонларига AR-технологияларидан фойдаланиш йўриқномасидан QR-кодни сканер қилиб, мобил иловани юклаб олганидан сўнг смартфон экранини музейда жойлаштирилган махсус AR-маркерли фотосуратга йўналтирса, смартфон экранида корхона тарихи ҳақида сўзлаб берувчи видеоролик пайдо бўлади. Жами музейда 4 та махсус AR-маркерли фотосуратлар қўйилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида корхона фаолияти тарихини сўзлаб берувчи видеороликлар жой олган.
AR-технологиясининг афзаллик томонларидан яна бири музейга ташриф буюрган киши бировнинг ёрдамисиз, мустақил видеороликларни кўриши мумкин, яъни мутахассис маслаҳати керак бўлмайди.
“Бухоро ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.