АНДИЖОНДА “RADIOМER” ДАСТУРИ ОРҚАЛИ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ИШЛАРИ БИР НЕЧА ТУМАНЛАРДА ТЎЛИҚ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ
“Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятида электр энергияси узатишда тармоқдаги йўқотишларга барҳам бериш, ускуналарни зўриқишдан муҳофаза қилиш мақсадида қувват сарфини ишончли назорат қиладиган компьютерлаштирилган тизимни соҳага татбиқ этиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, жамиятнинг алоқа бўлими бошлиғи Одилжон Нуриддинов раҳбарлигидаги мутахассислар гуруҳи томонидан амалиётга жорий қилинган “Radiomer” – мнемосхема автоматлаштирилган тизими ҳудуддаги нимстанциялардан узатилаётган қувват миқдорини назорат қилиш имконини яратди.
Ҳозирги кунда “Radioмer” дастури орқали узатилаётган электр энергиясини назорат қилиш ишлари вилоятнинг Балиқчи, Олтинкўл, Хўжаобод, Шаҳрихон, Асака туманларида тўлиқ йўлга қўйилган. Мисол тариқасида Асака туманини оладиган бўлсак, 64 дона тармоқдан ҳар 30 сония вақт оралиғида навбатчилик бўлимига тармоқларнинг ишлаши тўғрисида маълумотлар келиб тушади. Дастур асосида 220/110/35/10/6 кВли нимстанцияларидаги линия ва тармоқларнинг тўлиқ назорати ўрнатилган. Дастурда RGB светодиодининг доимо ёниқлиги тармоқларни қайси ҳолатда турганлигини кўрсатса, светодиоднинг ҳар хил рангларда ўчиб-ёниши носозликлар ва зўриқишларни кўрсатади. Қисқача айтганда, “Radioмer” дастурида барча носозликлар уч турга ажратилган ҳолда электрон журналга қайд қилинади.
Янгиликнинг амалиётга кўчиши трансформаторларнинг меъёрий режимда ишлаши, истеъмолчиларга электр энергияси етказишни яхшилаш билан унинг сарф миқдорини жойида аниқлаш имконини яратади. Ўзбошимчалик билан ноқонуний фойдаланаётган истеъмолчиларнинг хатти-ҳаракатлари аниқ кўринади.
– Авваллари трансформатор ишламаётгани ҳақида хабар келганда ишчи гуруҳи жойига бориб, носозлик ечимини топиш чораларини кўришга бир неча соат вақт сарфларди. Бу эса, ўз навбатида, таъмирлаш ишларининг чўзилиши, пировардида аҳоли электр энергияси таъминотида узилиш бўларди, – дейди муҳандис. – Янги тизим эса бундай эскича иш услубига барҳам беради.
Ҳамкасбимиз Одилжон Нуриддинов таклифи асосида ушбу тизим эндиликда нафақат Андижон, балки Тошкент, Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Жиззах вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам қўлланилаётгани мамлакатимизда яратувчилик, янгиликларга катта эътибор қаратилаётганидан далолатдир.
“Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ Матбуот хизмати.