“АҚЛЛИ ҲИСОБЛАГИЧЛАР” – МАЪЛУМОТЛАРНИ АНИҚ ҲИСОБЛАЙДИ
Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари жадал амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, республикада мазкур тизимнинг жорий этилиши маълумотларни ўлчаш, йиғиш ва уларни қайта ишлаш босқичида инсон омилини минимал миқдоргача камайтириш, шунингдек, энергия таъминоти ва истеъмолчи томонидан электр энергияси истеъмолини ишончли, аниқ, тезкор ҳисобга олишни таъминлаш учун зарур шартдир.
Шунга қарамай, айрим ижтимоий тармоқларда ҳамда ахборот сайтларида мазкур тизим билан боғлиқ нотўғри, яъни ҳисоблагичлар ўрнатилган хонадонларда электр энергиясини меъёридан ортиқ ҳисоблашлар мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар тарқалмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ҳар бир ҳисоблагич алоҳида-алоҳида (индивидуал) тарзда, инсон омили таъсирисиз метрологик кўрикдан ўтказилади, мабодо ҳисоблагич давлат томонидан белгиланган метрологик меъёрлар талабига жавоб бермаса, сотувга чиқарилмаслиги белгиланган. Ҳар бир ҳисоблагич метрологик кўрик натижаларида махсус ўлчов воситаси қурилмалар хотирасида сақланиб, архивлаштириб борилади. Ҳисоблагичларнинг аниқлик даражасини текширувчи қурилманинг аниқлик синфи ҳисоблагич аниқлик синфидан юқори бўлади.
Шундай экан, “ортиқча электр энергияси ҳисобланди”, деган гаплар мутлақо асоссиз эканлигини, агар истеъмол қилинган электр энергияси учун тўлов ўз вақтида амалга оширилмаган бўлса, “ақлли ҳисоблагичлар” масофадан ўчиш хусусиятига эгалигини эслатиб ўтмоқчимиз. Яна бир гап. Ушбу ҳисоблагичлар электр таъминоти корхонаси томонидан 10 йилда бир маротаба қиёсловдан ўтказилади.
– Аввалги индукцион ва айрим электрон ҳисоблагичларда бундай ҳолатларни аниқлаш имкони йўқ эди. Истеъмолчиларнинг эътиборини яна бир жиҳатга, хусусан, “ақлли ҳисоблагичлар” хонадонда электр энергиясининг кичик сарфини ҳам пайқаш хусусиятига эга эканлиги, яъни электр жиҳозларини тармоқдан ажратмасдан “кутиш” фукциясида қолдириш ҳам истеъмолчиларга ортиқча харажатларни келтириб чиқариши мумкинлигига қаратмоқчиман, – дейди электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш Дирекцияси директори Даврбек Имомов.
Маълумот ўрнида, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭЭҲО ва НҚАТ) 2021 йилга қадар бутун республикани қамраб олиши белгиланган.
Ҳурматли электр энергияси истеъмолчилари!
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан хонадонларга “ақлли ҳисоблагичлар”ни ўрнатиш жараёни ёхуд ишлаш даврида, шунингдек, носозлик вужудга келган ҳолатларда 1154 қисқа рақамли “колл-марказ” ёки Telegram’даги “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ bilan muloqot” каналидаги “@HET_admin” орқали ҳам ўз мурожаатингизни йўллашингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.