ALOQA UCHUN

ЭЛЕКТР ЖИҲОЗЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ БЎЙИЧА АЙРИМ КЎРСАТМАЛАР

Мамлакатимизда айни чилла кунларида термометр кўрсаткичлари аввалги, июнь ойида кузатилгани каби юқори ҳароратни қайд этмоқда. Синоптиклар маълумотига қараганда, ўлкамизда иссиқ об-ҳаво яна бир неча ҳафта давом этиши мумкин. Бундай вазиятда совитиш тизимлари ва маиший жиҳозлари қўл келиб, жазирамани осонроқ ўтказишимизга ёрдам беради, албатта. 

Шу ўринда, электр жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларига амал қилиш муҳимлигини, акс ҳолда ёнғин, электр токидан зарарланиш ва бошқа шу каби нохуш ҳолатлар келиб чиқиш хавфи мавжудлигини эслатиб ўтмоқчимиз. 

Кундалик ҳаётимизда электр жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича қуйидаги айрим кўрсатмаларга риоя қилсак, келиб чиқиши мумкин бўлган нохуш вазиятларни олдини олган бўлардик:

 Электр жиҳозлардан фойдаланиш бўйича йўриқномада келтирилган талабларни бузмаслик учун ундаги маълумотларни диққат билан ўрганиб чиқинг. Унутманг, ҳар қандай электр жиҳознинг ўз эксплуатация муддати бўлиб, бу ўртача ҳисобда 10 йилни ташкил этади. Белгиланган муддатдан ортиқ фойдаланиш кўнгилсиз ҳолатларга олиб келиши мумкин. 

Маиший совитиш ускуналари учун мўлжалланган электрўтказгич, розетка ва бошқа электр жиҳозлар созлигига доимо аҳамият қаратинг.

Совитиш ускуналарининг ҳолатини назорат қилиб боринг, яъни уларни ўз вақтида таъмирлаш, ишдан чиққан қисмларини алмаштириш ёдингиздан кўтарилмасин. 

Электр тармоқларида юклама ҳосил бўлмаслиги учун бир вақтнинг ўзида бир нечта совитиш жиҳозларидан фойдаланмасликка ҳаракат қилинг. 

Штекер розеткага тўлиқ кирганига ишонч ҳосил қилинг, акс ҳолда электр ўтказувчи сим қизиб кетиши оқибатида ёнғин содир бўлиши мумкин.

Электр симларини гилам ва бошқа тўшамалар остидан ўтишига йўл қўйманг. 

Электр симлари устига оғир буюмлар, масалан мебель қўйманг, бу симнинг қизиши ва ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Унутманг, мазкур қоидаларга амал қилиш Сизнинг ва яқинларингизнинг ҳаётини хавф остига қўйиш ва мулкингизга шикаст етишидан асрайди!

  • 25.07.2023
  • 1231
Sayt xaritasi