ALOQA UCHUN

“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ ХАЛҚАРО ИҚТИСОДИЙ ФОРУМДА ЎЗ ТАҚДИМОТИ БИЛАН ИШТИРОК ЭТДИ

“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ ХАЛҚАРО ИҚТИСОДИЙ ФОРУМДА ЎЗ ТАҚДИМОТИ БИЛАН ИШТИРОК ЭТДИ

Бугун пойтахтимизнинг Tashkent City Congress Hall саройида "Ўзбекистон: Иқтисодий ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболи" мавзусидаги Ўзбекистон иқтисодий форуми ўз ишини бошлади. Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банкининг кўмагида ўтказилаётган тадбирда 300 га яқин халқаро бизнес ва молиявий ҳамжамиятлар, халқаро ва минтақавий кўп томонлама ривожланиш институтлари, сиёсатшунослар, нодавлат ташкилотлар ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Форум иқтисодиётни эркинлаштириш мақсадларини сақлаб қолиш ва янада очиқ, халқаро интеграциялашган ва рақобатбардош бозор иқтисодиётини қуриш режаларини кўриб чиқиш учун ўзига хос имконият тақдим этиб, иштирокчилар инвестиция муҳитини ва турмуш даражасини яхшилаш ҳамда барқарор, инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ташаббуслари юзасидан сиёсатчилар билан муҳокама ўтказиш имкониятига эга бўлдилар.

Анжуман доирасида иқтисодиётнинг долзарб йўналишларидаги мавзулар, халқаро экспертлар ва юқори тажрибага эга мутахассислар иштирокидаги очиқ муҳокама ва мулоҳазалар, хорижий журналистлар билан сессиялар ва The Financial Times билан махсус виртуал панел сессиялар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда миллий иқтисодиётимиз ривожланишида муҳим ўрин тутган энергетика соҳасининг тармоқ корхоналари ўз тақдимотлари билан қатнашмоқда.

Гибрид (анъанавий ва онлайн) шаклда, ижтимоий тармоқларда жонли эфир орқали ёритилиб борилаётган тадбирда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг кейинги беш йилда тизимда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар, трансформация жараёнлари, иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган инглиз ва рус тилидаги тақдимоти форум иштирокчиларида алоҳида таассурот қолдирганини қайд этиш жоиз.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги ПҚ-4249-сонли қарорига асосан, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятига электр энергияни якуний истеъмолчиларга тақсимлаш ва сотиш вазифаси юклатилган бўлиб, ҳозирги кунда Жамият таркибида 0,4-6-10-35-110 кВ кучланишли электр тармоқларини эксплуатация, шунингдек, мазкур объектларнинг ривожланиши доирасида янги қурилиш, реконструкция, капитал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга оширувчи 14 та ҳудудий электр тармоқлари корхонаси фаолият юритади.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда энергетика соҳасини рақамлаштириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этишда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 3981-сонли қарори асосида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан бугунги кунда республика электр энергияси истеъмолчиларига АСКУЭ тизимига мос келувчи ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилди.

Бундан ташқари, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан “Давлат харидлари тўғрисида” Қонун талабларидан келиб чиқилиб,  “Харид сиёсати”, операцион харажатларни мақбуллаштириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилгани ва ҳозирда амалиётга кенг жорий этилаётгани йиғилганлар эътиборини тортди. Шу билан бирга, корпоратив бошқарув тамойиллари халқаро стандартларга мослаштирилгани, тизимдаги ҳуқуқбузарликларни камайтириш ҳамда аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг шаффоф ва самарали тизими яратилгани,  яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмлари амалиётга жорий этилаётгани, соҳага замонавий ахборот технологиялари татбиқ этилиши орқали инсон омилини кескин қисқартиришга эришилаётгани қатор халқаро ташкилотларнинг ижобий аудиторлик хулосалари ва мувофиқлик сертификатларини олишга замин яратди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида Жамият фаолиятида қатор ислоҳотларни тизимли равишда амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Хусусан, бу борадаги фаолиятни самарали ва таъсирли восита ҳамда усуллар асосида мунтазам ташкил қилиш мақсадида, Жамиятда яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар доимий равишда, алоҳида режа асосида ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунга, Жамият ва унинг ҳудудий тузилмаларида Коррупцияга қарши курашиш “комплаенс назорат” тизими жорий этилганини мисол қилиб келтириш мумкин. Унинг асосий вазифалари этиб, “Ҳудудий электр тармоқлари”АЖ ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини ҳамда соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ўрганиб чиқиш асосида тизимдаги мавжуд коррупцион ҳолатлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда муаммоларини аниқлаш белгиланган.

Тақдимотда “Сert international” томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари”АЖ Коррупцияга қарши курашиш “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш даражаси ISO 37001:2016 халқаро сертификатини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Анжуман сўнгида Жамият фаолиятига қизиқиш ҳамда келажакда ҳамкорлик қилиш истагини билдирган халқаро компания вакиллари ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарияти ўртасида ўзаро фикр алмашилди.

 

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

  • 29.09.2021
  • 1124
Sayt xaritasi