ALOQA UCHUN

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Кеча rost.uz сайтида “Энергия тизими раҳбарияти 30-100 млн. сўмдан ортиқ маош олади, оддий ишчилари эса 1.5 млн” сарлавҳали мақола эълон қилиниб, унда гўёки “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда фаолият юритаётган вакилларидан кетма-кет тушаётган маълумотларга кўра, Жамият раиси ва раис ўринбосарлари 30 млн. сўмдан юқори маош олиши ҳамда Тафтиш комиссия ва кузатув кенгаши аъзоларига ҳар йили бир марта бериладиган 200-300 млн. сўм миқдоридаги алоҳида пул тўловлари ажратилиши таъкидланган.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мазкур мақола юзасидан қуйдагиларни маълум қилади.

Асосан мурожаатчилар маълумотларига таянган ҳолда эълон қилинган юқоридаги материалнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириш, холис ахборот тақдим этиш журналистик фаолият этикасида кўрсатиб ўтилганига қарамасдан, таҳририят томонидан иддао қилинаётган важлар, яъни Жамият раҳбарияти учун тўланаётган ойлик маошлари миқдори аслида ҳақиқатдан йироқ эканлигини билдириб ўтмоқчимиз. Жорий йилнинг шу кунги ҳолатига Жамият раҳбарияти ҳамда бошқарма бошлиқлари учун тўланаётган ойлик иш ҳақлари ўрнатилган тартибда, белгиланган меъёрлардан ошмаган ҳолда тўланиб келинаётганлигини маълум қиламиз. Жамият Ахборот хизматига мақола эълон қилинмасдан 10 кун олдин таҳририят вакили телефон орқали айни масалада мурожаат қилганида ушбу маълумотлар ошкор этилиши бўйича кўзланган мақсадни билдирмаганини таъкидлаб ўтиш жоиздир.

Мақолада, шунингдек ҳар қандай ташкилот раҳбарияти маошлари давлат сири сирасига кирмайди, шу жумладан Жамиятники ҳам, дейилган. Бироқ биламизки, ҳар қандай ташкилот фаолияти ички меъёрий  ҳужжатлар асосида тартибга солинади ва ундаги меъёрларга амал қилиш Жамиятнинг барча ходимларига бирдек тааллуқлидир. Шу маънода, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Ягона акциядори томонидан 2019 йил 29 июлда тасдиқланган "Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамиятида маълумотни маҳфий ва тижорат сири деб таснифлаш мезонлари, унинг маҳфийлигини ҳимоя қилиш, ошкор қилиш ва  ноқонуний ишлатилишини назорат қилиш тўғрисида”ги Низомининг тегишли бандларига асосан, Жамият ходимларининг ойлик маошлар тўғрисидаги маълумотлар, яъни иш ҳақи фондига оид маълумотлар, мукофотлаш мезонлари, ходимларнинг шахсий маълумотлари ошкор этилмаслиги кўрсатиб ўтилган. Шу сабабли таҳририят вакилига ушбу маълумотлар тақдим қилинмаслиги билдирилган.

Яна бир масала, яъни кузатув кенгаши аъзоларига ҳар йили бир марта қилинадиган тўловлар миқдори 200-300 млн сўм эканлиги мақолада келтириб ўтилган. Бунга жавобан шуни айтмоқчимизки, бу ҳақиқатдан йироқ бўлиб, бу борадаги маълумотлар Корпоратив ахборот ягона порталида жойлаштирилган ва у билан истаган киши танишиш имкониятига эгадир. 

Шунингдек, таҳририятга мурожаатини йўллаган шахс томонидан ишга янги қабул қилинганларга синов муддати даврида маош тўланмайди қабилидаги маълумот келтирилиб, бироқ  бу ҳолат қайси тизим корхонасида кузатилгани очиқланмаган. Шу ўринда мурожаатчи томонидан  бу бўйича асосли маълумотлар тақдим қилинса, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ушбу  вазият синчковлик билан текширилиши ва бунга йўл қўйган масъул шахсга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини маълум қилиб ўтмоқчимиз.

Охирги 5 йилда Жамият томонидан аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ижобий ишларга эътибор қаратмасдан, бир ёқлама ёндашилиб, фактларга асосланмаган мақола чоп этгани, бу билан Жамият имижига салбий таъсир кўрсатишга урингани юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Rost.uz (http://rost24.uz/uz) таҳририяти ҳатти-ҳаракатларига нисбатан ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли идораларга ариза киритилишини билдириб ўтамиз.

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Матбуот хизмати.

  • 12.08.2021
  • 1772
Sayt xaritasi