ALOQA UCHUN

ТЕМИР-БЕТОН ТАЯНЧЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ХАРАЖАТЛАРНИ КАМАЙТИРИШ ЧОРАСИДИР

ТЕМИР-БЕТОН ТАЯНЧЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ХАРАЖАТЛАРНИ КАМАЙТИРИШ ЧОРАСИДИР

Электр энергетикаси тизими ходимлари кейинги 25 йилда тўпланиб қолган бир талай муаммоларга қарамай, истеъмолчиларга барқарор электр энергияси етказиб бериш, халқимизнинг бу борадаги эҳтиёжини тўла қондиришга баҳолиқудрат ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ҳақиқатан, соҳада кўп йиллардан буён тўпланиб келган, ўз вақтида ечилмаган масалалар бисёр. Бугун бу тўғрисида очиқ гапирилмоқда, ижтимоий тармоқ ва даврий нашрлардаги чиқишларда аҳолига мавжуд вазият ва уни яхшилаш чора-тадбирлари ҳақида аниқ маълумотлар берилмоқда.

Кейинги кунларда бир нечта ижтимоий тармоқлардаги ахборот сайтлари ва блогерлар томонидан тизимда  ислоҳотлар олиб бориш зарурлиги ҳақидаги чиқишларни кузатмоқдамиз.

Бизнинг бунга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ, албатта. Фаолиятимизни кузатиб бораётганлар ишимизга холис баҳоларини беришмоқда. Чунончи, электр энергетикаси тизимида охирги тўрт йилда катта лойиҳалар амалга оширилаётгани бунга далолат бўлолади!

Куни кеча kun.uz янгиликлар сайтида эълон қилинган мақола орқали (“Бир вилоятда ўн минглаб «столба» авария ҳолатида. Симёғочлар монополияси тизимнинг «сеҳрли таёқчаси»ми?”) муаллиф томонидан электр энергияси таъминотида муаммоларга сабаб бўлаётган жиҳатлардан бири – симёғочлар масаласига Самарқанд вилояти мисолида тўхталиб ўтилган.

Муаллиф кўтарган масала ҳозирги кунда долзарб ҳисобланиб, бу борадаги аҳволни яхшилаш бўйича Жамият томонидан амалий ишлар аллақачон бошлангани, соҳага ажратилаётган маблағлар орқали ҳар бир йўналишда босқичли ишлар олиб борилаётгани эътиборга моликдир.

Шу ўринда Кun.uz мухбири Исомиддин акага бир оддий мисолни келтириб ўтмоқчимиз. Агар сиз уйингизда картошка экиб, уни истеъмол қилсангиз, сиз ҳам деҳқонга нисбатан монополист бўласизми?  Ўзингиз учун етиштирган маҳсулот сизга қанчалик арзон ва сифатли, қолаверса оилавий бюджетга ҳам кўзга кўринарли даражада иқтисод бўлишини биласизку.

Бу мисолни сиз билан тортишиш учун эмас, балки халқ ва иқтисодиёт тармоқлари учун электр энергиясини етказиб беришда электр энергияси таннархини арзон ва сифатли қилиб бериш қанчалик муҳим масала эканлигини айтмоқчимиз.

Рақамларга эътибор берсангиз, 2021 йилда режалаштирилган реконструкция ва модернизация ишларига талаб этиладиган темир-бетон таянчларни тизим таркибидаги корхоналарда ташкил этилган темир-бетон таянчлари цехларида ишлаб чиқарилиши натижасида 57,4 млрд. сўм маблағ иқтисод килинмоқда.

Корхоналаримизда зарур жиҳозлар ишлаб чиқаришнинг яна бир афзалликлари ҳақида ҳам айтиб ўтсак.

Мисол учун: “Кеч вақт ёки тунда уйингиз жойлашган маҳаллада свет ўчиб қолди.  Муаммони бартараф этиш учун электр тармоқлари корхонасидан бригада борди. Сабаб маълумки, трансформатор куйган. Шунда ходимлар трансформаторни таъмирлаш учун иш вақти бошланишини кутиши, демонтаждан сўнг корхонага олиб бориб бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотга пулини тўлаши ва таъмирлаб беришини кутиб ўтириши керак бўладими?! Бунга бир неча кун вақт кетишини ҳам ҳисобга олиш керак, ахир!”...

Бундай ноқулайликларни олдини олиш мақсадида Бошқарув раисимиз томонидан нафақат “столба”, балки бошқа зарур маҳсулотлар, борингки ҳар бир вилоят корхонасида трансформаторларни таъмирлаш цехлари, траверс ишлаб чиқариш бокслари ҳам ташкил қилинди.

Шу билан бирга республикамиз бўйлаб тизим корхоналарида полимер изоляторлар ва металл анкер таянчлари, металл қурилмалар ва СИП арматуралари, каска ва яна ўнлаб турдаги зарур бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмоқда.

 

Бундай ишлаб чиқаришларнинг ташкил этилиши ҳудудларда паст кучланишли электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини янгилаш ҳамда реконструкция қилишда арзон ва сифатли электр жиҳозлардан фойдаланиш муҳим роль ўйнади.

Келинг, бу борада рақамларни ҳам таҳлил қилсак. 1991-2016 йиллар мобайнида паст кучланишли 10 389 км электр узатиш тармоқлари ҳамда 5 898 дона трансформатор пунктлари янги қурилган ва реконструкция қиланган.

2017 йилдан жорий йилнинг ўтган давригача эса бу кўрстакич 30 327 км электр узатиш тармоқлари ва 10 872 дона трансформатор пунктларини ташкил этади.

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари таркибида темир-бетон таянч устунлари ишлаб чиқариш цехлари фаолияти йўлга қўйилишидан асосий кўзланган мақсад, муаллиф мақолада келтирганидек, тизимда МОНОПОЛ шароит яратиш эмас, балки паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция ишларини жадаллаштириш ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг ТАННАРХИНИ пасайтиришдан иборатир.

Самарқанд вилояти мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи чорагида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ таркибида ташкил этилган темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш цехида бугунги кунда бир дона СВ 105х3,5 ўлчамли  (юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғига мўлжалланган) темир-бетон таянч учун 1 014 463,5 сўм, СВ 95х3,0 ўлчамли (паст кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғига мўлжалланган) таянч ишлаб чиқариш учун 739 033,3 сўм атрофида харажат қилинмоқда.

Ҳолбуки, жорий йилнинг 5 февраль куни Жамият томонидан аукцион орқали харид қилинган 110х3,5 ўлчамли таянчларнинг ҳар бири 1  200 000 сўмни ташкил қилган. Солиштириш учун, айни кунда Самарқанд шаҳрида фаолият олиб борувчи хусусий корхоналар томонидан юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғига мўлжалланган таянчнинг бир донаси 1 400 000 сўм, паст кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғига мўлжалланган таянчлар эса 1 350 000 сўмдан сотилмоқда (транспорт харажатлари қўшилмаганида). Кўриниб турганидек, бу вилоят корхонаси учун қанчалик зарарга ишлайди.

Ташқи пудрат ташкилотларидан сотиб олинган тайёр маҳсулотга нисбатан тизим таркибидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган таянчлар ёки бошқа маҳсулотлар бир неча баробарга арзон тушмоқда.

Ушбу орқали корхоналарнинг молиявий аҳволи тикланмоқда, ҳудудлардаги малакали ёшларни иш билан таъминлашга кенг имконият яратилмоқда.

Маълумот учун: Республика бўйича айни пайтда ана шундай цехларда 150 дан ортиқ қўшимча ишчи ўринлари ташкил этилган.

 

Муаллифнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш тартибини соддалаштириш ва бизнес муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги тегишли қарори мавжуд.

Мазкур қарор билан, ҳудудий электр тармоқлари ташкилотлари таркибида маҳаллийлаштириш дастурига асосан темир-бетон таянчлари, металл ва темир конструкциялар ишлаб чиқариш цехлари ва қурилиш бўлинмалари ташкил этиш имкони яратилган. Бироқ бу билан тадбиркорлик субъектлари томонидан мазкур фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланмаган.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, ҳар қандай устунлар электр токини ўтказишда ҳеч қандай таъсир кучига эмас, балки ҳаво тармоқларини хавфсиз ўтказиш мақсадида ишлатилади. Бундай амалиётдан ҳаттоки АҚШ, Хитой, Россия каби дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам ҳанузгача фойдаланиб келинмоқда. Айни пайтда соҳа ходимлари олдида турган муҳим вазифалар сирасига янги барпо этилаётган объектларни электр энергияси билан таъминлаш бирламчи этиб белгиланган бўлиб, жойларда ёғоч таянчларни алмаштириш тизимли, босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.

                                                                АҚШ

                                                                           ЯПОНИЯ

РОССИЯ

ХИТОЙ

Ҳурматли Исомиддин ака, соҳада юқорида қайд этилган ишлар амалга оширилаётган бир пайтда, сиздан электр энергиясидан ноқонуний ҳамда истеъмол қилинган электр энергияси учун ўз вақтида тўловни амалга оширмаётганлар борлигига, бу эса дебитор қарздорликни ошиб кетиши, пировардида тизимда модернизация ва реконструкция ишларини олиб борилишига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган жиҳатларга ҳам эътибор қаратилишини сўраб қолган бўлардик. Зотан, бу ҳам бизга, ҳам халқимизга фойдали бўларди.

Ўз вақтида тўловларни тўламаслик ёки ўғрилик қилиш ҳалол ва пок инсонларимиз яхши орзуларини амалга оширишда тўсқинлик қилмоқда.

Биз барча ОАВ ходимлари ҳамда блогерларни Жамиятимиз томонидан олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш учун ана шундай ишлаб чиқариш цехларига, ўзлари танлаган манзил ва қулай бўлган вақтда алоҳида пресс-тур ташкил этишга тайёрлигимизни билдириб қоламиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ташкил этилаётган мазкур цехлар ва уларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Давлат дастурлари ҳамда белгиланган вазифалар асосида ҳудудларда электр таъминотини янада яхшилаш ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишларни ўз вақтида сифатли якунлашга қаратилган бўлиб, вилоятлар кесимида бундай ишлаб чиқариш обеъктларини қуриш ҳамда ишга тушириш ишлари тизимли давом эттирилади.

“Ҳудудий электр тармоқлари” Матбуот хизмати.

  • 27.07.2021
  • 1976
Sayt xaritasi