"ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ" АЖ ҚИРҒИЗИСТОНДА АСКУЭНИ ЖОРИЙ ЭТИШ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШИ МУМКИН
Бугун, 8 июнь куни Қирғизистон Республикаси Миллий энергохолдинг раиси Бакит Сидиков бошчилигидаги делегация аъзолари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш Маркази”да бўлиб, бу ерда ташкил этилган замонавий иш жараёнларини яқиндан кузатдилар.
Таъкидлаш жоизки, Қирғизистон Республикаси Президентининг шу йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикасига ташрифи чоғида, умумий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларини ривожлантириш истиқболлари ва мавжуд масалаларни ҳал этиш механизмлари атрофлича муҳокама қилиниб, бошқа йўналишлар қатори энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилганди.
Шу маънода, бугун қўшни давлат электр энергетикаси тизимида фаолият олиб бораётган корхоналар мутасаддиларининг Марказга ташрифи ана шундай истиқболли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишидан дарак бермоқда.
Жамият Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ж. Обиджонов меҳмонларни Марказ фаолияти билан таништирар экан, бу ерда дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган сервер қурилмалари ўрнатилгани, улардаги дастурий таъминот орқали қарийб 20,0 млн. истеъмолчига хизмат кўрсатиш имконияти мавжудлиги ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар, шунингдек бу ерда республика, вилоят, туман (шаҳар) ва маҳаллалар кесимида электр энергияси истеъмолчиларининг маълумотлари сақланиши, махсус дастурий таъминот орқали электр энергиясининг соатлик, суткалик, ойлик ва йиллик балансларини шаклллантириш, кўп тарифлик тизимида ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкони мавжудлиги билан танишиб, ўзларининг таассуротлари билан ўртоқлашдилар.
Бугунги ташриф давомида минтақада ягона бўлиб турган мазкур тизимни амалиётга жорий этиш бўйича дастлабки тушунчаларга эга бўлдик. Айтиш ўринлики, паст кучланишли электр тармоқларига хизмат кўрсатиш ҳамда АСКУЭ тизимини жорий этишда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ тажрибаси алоҳида эътиборга молик. Биз, ўз навбатида, мазкур тизимни Қирғизистонда ҳам жорий этиш бўйича Жамиятингиз келажакда яқин ҳамкорларимизга айланишидан умидвормиз, – деди Б. Сидиков.
Нуфузли меҳмонларга, шунингдек, қарздор истеъмолчиларни тўлиқ автоматик равишда ўчириш ва сарф қилинган электр энергияси учун тўлов амалга оширилгандан сўнг қайта ёқиш, масофадан туриб электр ҳисоблагичларни қайта дастурлаш, истеъмолчилар ҳисоблагичларидан олинган маълумотларни қайта ишлаш ҳамда энергетика тизимини назорат қилиш каби вазифаларни амалга ошириши тақдимотлар орқали тушунтириб берилди.
Ташриф давомида, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Самарқанд шаҳрида лойиҳанинг 1-фазаси доирасида яқинда ишга туширилган “KAIFA” русумли ҳисоблагичларга сервис хизмати кўрсатувчи Марказ фаолияти ҳақида ҳам гапириб берилди.
Таъкидланганидек, Марказнинг вазифаларига кафолатли бепул ёки пуллик хизмат кўрсатиш, ҳисоблагич нуқсонларини бартараф этиш учун эҳтиёт қисмларни бошқариш, маълум даражадаги нуқсонларни таҳлил қилиш билан бирга, носоз қурилмаларини шу ернинг ўзида тузатиш имкони мавжуд.
Учрашув сўнгида нуфузли делегация аъзолари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан тизимда олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатларга юқори баҳо бериб, Фахрий меҳмонлар китобида самимий тилак ва дил изҳорларини ёзиб қолдирдилар.
Куннинг иккинчи ярмида нуфузли меҳмонлар электрон ҳисоблагич ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар – “Электрон ҳисоблагич” ҚК ва “Тошэлектроаппарат” МЧЖда бўлиб, бу ерда жаҳон стандартлари асосида, юртимиз иқлим шароитига мос ишлаб чиқарилаётган “ақлли ҳисоблагичлар”ни истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган жараёнлар билан ҳам танишдилар.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.