МИРИШКОР ТУМАНИДА ҲАМ ДАСТУРЛАР ИЖРОСИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА
Миришкор туманида "Обод қишлоқ" дастури доирасида 1,4 млрд сўм маблағ бевосита электр таъминоти тизимини такомиллаштириш, янги тармоқларни қуриш ва реконструкция мақсадлари учун йўналтирилиши мўлжалланмоқда.
Маълумки, туманнинг Зафар ва Бўстон МФЙда амалга оширилаётган бунёдкорлик жараёнларида 10,8 км. электр узатиш тармоқларини янгилаш, 2 та трансформатор пунктини қуриш ишлари амалга оширилиши белгиланган. Бу борада айни пайтда қизғин давом этаётган ишлар ниҳоясида 893 та хонадон, 6 та ижтимоий соҳа объекти, 49 та улгуржи истеъмолчиларнинг электр энергияси таъминоти тубдан яхшиланиши кутилмоқда.
"Обод қишлоқ" дастурига тушган қишлоқлардан бири “Бўстон”да кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Хусусан, яқиндагина бу ерда 8,2 км.даги ҳаво линиялари янгиланиб, яроқсиз устунлар ўрнига 128 дона темир-бетон устуни, 2 та янги трансформатор ва 33 та тунги ёритгичлар ўрнатилди.
“Қашқадарё ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.