ALOQA UCHUN

ЭНЕРГИЯ РЕСУРСЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ЯХЛИТ ОНЛАЙН ТИЗИМ ЯРАТИЛАДИ

ЭНЕРГИЯ РЕСУРСЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ЯХЛИТ ОНЛАЙН ТИЗИМ ЯРАТИЛАДИ

Электр энергияси ва табиий газ ҳаёт ва иқтисодиёт учун жуда зарур ресурслардир. Бу тармоқлар инфратузилмаси узоқ йиллар модернизация қилинмагани сабабли уларни етказиб беришда йўқотишлар кўп эди. Ҳисоб-китобни жой-жойига қўйиш учун автоматлаштирилган тизимлар зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Хусусан, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилган 7 та туман ва шаҳарда тўловлар ундирилиши 40 фоизга ошган, дебитор қарздорлик эса 20 фоизга қисқарган. Ушбу тизимни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида татбиқ этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган.

Йиғилишда электр энергияси ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини тўлиқ жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, бу мақсадлар учун қарийб 1,2 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда.

Бу маблағларнинг натижадорлиги ва қайтими фақатгина ҳисоблагичларни ўрнатиш билан ҳал бўлиб қолмайди. Истеъмолчи сарф қилган энергия ресурси ҳажмини билиш билан тизимдаги йўқотишлар ва ўғирликларга чек қўйиб бўлмайди. Бунинг учун “энергияни ишлаб чиқарувчи – магистрал тармоқлар – тақсимлаш тармоқлари – истеъмолчи” жараёнларининг ҳар бир занжирини қамраб олувчи яхлит онлайн тизимни яратиш керак, – деди давлат раҳбари.

Ҳамма жойда ҳисоблагичлар ўрнатиш, уларга хизмат кўрсатадиган сервислар ташкил этиб, узлуксиз ишлашини таъминлаш, малакали кадрлар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Ҳокимлар, сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари аҳоли билан ҳар куни ишлаб, қарздорликни вақтида тўлаш, тармоққа ноқонуний уланишларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини кучайтириши лозимлиги айтилди.

Бугунги кунда жойларда қарийб 4 миллион дона электр энергияси ҳисоблагичи ўрнатилиб, шундан 2 миллионтаси ягона электрон базага уланган. Йиғилишда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига йил якунигача яна 3,5 миллион дона электр ҳисоблагич ўрнатиб, 2021 йил 1 мартга қадар автоматлашган тизимни тўлиқ ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, йирик истеъмолчи ва тадбиркорлик субъектлари, тақсимлаш пункти ҳамда трансформаторларга электрон ҳисоблагичлар ўрнатиб, уларни ҳам ягона электрон базага улаш бўйича топшириқ берилди.

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти жорий йил якунигача аҳолига 1,2 миллион дона, келгуси йилнинг биринчи ярмида яна 2,3 миллион дона замонавий газ ҳисоблагич ўрнатиши зарурлиги таъкидланди.

Бунда биринчи навбатда табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлган 22 та туман ва шаҳар қамраб олинади. 4 мингдан зиёд йирик истеъмолчилар, газ қуйиш шохобчалари ва ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, 850 та иссиқхона автоматлаштирилган тизимга уланади.

Энергетика вазирлигига ҳар бир туман, шаҳар кесимида ҳисоблагичларни етказиб бериш, ўрнатиш ва тизимга улаш ишларини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш топшириғи берилди.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ҳудудларда ишчи гуруҳлар тузиб, маҳалла раислари билан биргаликда аҳолига ҳисоблагичлар ўрнатишни ташкиллаштириш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш вазифаси қўйилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” жамиятларининг техник ходимлари ва IT мутахассисларини ушбу замонавий тизим билан ишлаш, унинг барча имкониятлари ва қулайликларидан самарали фойдаланиш бўйича малакасини ошириш кераклиги таъкидланди. Ҳар бир ҳудудда ҳисоблагич ва бошқа ускуналарни таъмирлаш, уларга хизмат кўрсатиш тизимини яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда электр энергияси ва табиий газдан дебитор қарздорликни камайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Тармоқ раҳбарлари электр энергияси ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот қилди.

ЎзА.

  • 14.09.2020
  • 3163
Sayt xaritasi