ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИ ИСЛОҲ ҚИЛИНАДИ, ЯНГИЛИККА ЮЗ ТУТАДИ, ЛЕКИН ХАЛҚ ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТИ ЎЗГАРМАЙДИ
Ҳар бир меҳнат жамоасида маслаҳатига таянадиган, кўп йиллик иш тажрибаси билан ҳамкасбларига ўрнак бўладиган инсонлар бор. 37 йилдан буён энергетика соҳасида ишлаб келаётган, ҳозирда “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” AЖда мустаҳкамлик ва хавфсизлик техника хизматининг етакчи муҳандиси сифатида фаолият юритаётган Ураков Бахтиёр Шукурович шундай инсонлардан биридир.
1984 йилда Тошкент электромеханика техникумини муваффақиятли тамомлаган ёш мутахассис Б. Уроқов Электр энергетикада назорат инспекцияси инспектори лавозимига ишга қабул қилиниб, 15 йил давомида ушбу бўлим ҳаётида фаол иштирок етди. Бахтиёр Шукурович таъкидлаганидек, касб танлашга оқиллик билан ёндашган, юрак амрига қулоқ солган. 1997 йилдан фаолиятидаги муваффақиятлари сабаб мартаба зинапоясидан кўтарила бошлади. Аввал Навоий шаҳар электр таъминоти корхонаси раҳбарининг ўринбосари, кейинчалик Электр энергиясини сотиш бошқармаси бошлиғи бўлди. 2007-2009 йилларда Кармана туман электр таъминоти корхонасини бошқарди.
Бахтиёр Шукурович қайси лавозимда ишламасин, ўз касбига масъулият билан ёндашган. Ҳамкасблари унинг қийин вазиятларда ҳам доим ёрдамга тайёрлиги, яқинларига елкадош эканлигини алоҳида эътироф этишади. Қаҳрамонимиз фидойилик билан ўз вазифасини адо этиши, қолаверса соҳада кўп йиллик фаолияти учун "Энергетика фахрийси" унвонига сазовор бўлган.
Маълумки, энергетика соҳасида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни “энергетикларимиз ҳимоячилари” деб аташади. Бу бежизга эмас, албатта. Уларнинг ҳар қандай ишга талабчанлик ва эҳтиёткорлик, ўта масъулият билан ёндашиши электр тармоғида таъмирлаш ишлари жараёнида электромонтёрларнинг соғлиғи ва ҳаётини сақлайди.
Электр энергияси остида ишлаш хавф туғдириши мумкинлигини ҳамма билади. Бу борада менинг қатъий шиорим – бир дақиқага ҳам хушёрликни йўқотмаслик, – дейди Б. Уроков. – Ишга қабул қилинган ҳар бир мутахассис учун жавобгарликни ҳис қилган ҳолда, индивидуал ҳимоя воситалари ва электр хавфсизлиги гуруҳининг объектда ишлашга тайёрлигини текшираман ва, энг муҳими, электр хавфсизлиги қоидаларига сўзсиз амал қилинишини назорат қиламан. Ахир ходимнинг оиласи бағрига соғлом қайтиб келиши ана шу қоидаларга тўлиқ амал қилиниши билан боғлиқ. 37 йиллик меҳнат фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, энергетика соҳасида хатолар устида ишлаш эмас, уларга умуман йўл қўймаслик керак, негаки хавф жуда юқори. Жамоамизга келиб қўшилган ёш мутахассисларни қийинчиликларга қарамай ўз устиларида ишлашлари, тажрибаси каттароқ ҳамкасбларидан касб сир-асрорларини ўрганишлари кераклигини уқтиришдан чарчамайман. Шунда улар келажакда малакали мутахассислар бўлиб етишади.
Бугун Ўзбекистон энергетикаси жадаллик билан ривожланаяпти, соҳага янги технологиялар татбиқ этилаяпти. Бу жараёнда бир нарса – одамларга муносабат ўзгармайди. Давлатимиз равнақи, аҳолининг турмуш даражасини ошириш йўлида туну кун хизмат қилаётган соҳа заҳматкашлари бундан кейин ҳам шундай шижоат билан фаолиятларини давом этаверадилар.
Тимур Байбиков,
“Навоий ҲЭТК” АЖ матбуот котиби.