МАМЛАКАТИМИЗ ЭНЕРГОТИЗИМИ БАРҚАРОР ИШЛАШИ БАРЧАМИЗГА БОҒЛИҚ
Бир неча кундан буён остона ҳатламасдан уйда ўтирибмиз. Айни кунда бутун дунё аҳли – жамоатчилигини ташвишга солаётган “Covid-19” вируси ҳам одамзод учун ана шундай таҳдидлардан бири, дейиш мумкин.
Маълумки, карантин муносабати билан юртимизда бир қатор тартиб-қоида ва чекловлар жорий этилиб, коронавирусдан ҳимояланиш учун тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериш борасидаги ишлар давом этмоқда. Уларга қатъий амал қилиш, интизомли бўлиш, вирус тарқалиши олдини олишга ҳисса қўшиш, ўз вазифаларимизни санитария-гигена талабларига тўла-тўкис риоя этган ҳолда, янаям масъулият билан адо этиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Юртимизда “Covid-19” вируси тарқалишини олдини олиш ишларига ҳисса қўшаётган, жонини хатарга қуйиб бўлса-да фаолият олиб бораётган турли соҳа ва тармоқ ишчи-хизматчилари орасида энергетиклар ҳам бор. Айни кунларда соҳанинг 100 000 дан ортиқ жамоаси мамлакатимизда шундай ташвишли кунда узлуксиз электр энергия етказиб бериш мақсадида ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар.
Бугунги эпидемиологик вазиятда аҳоли ва ижтимоий объектларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш жуда муҳим. Энергетикларнинг эса бу борада ўрни беқиёс. Улар мураккаб вазиятга қарамай, юртдошларимизга ёруғлик ва иссиқлик етказиш мақсадида меҳнат қилмоқдалар.
Барчамиз учун мураккаб вазиятда имкони борича хонадонларимизга ёруғлик улашаётган соҳа фидойиларининг ўз вақтида маошларини олишлари учун ишлатилган электр энергияси учун тўловларни баҳоли қудрат амалга ошириш талаб этилади. Акс ҳолда, мазкур соҳада фаолият юритаётган ходимлар ойлик маош билан таъминланишида муаммолар юзага келиши муқаррар.
Шу билан қаторда республикамизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг деярли 90 фоизи иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келиши барчамизга маълум. Мазкур станцияларнинг узлуксиз ва барқарор ишлаши учун зарур ёқилғи ресрусларининг бир маромда етказилишига ҳам боғлиқ. Бу эса ўз навбатида етарли сарф-ҳаражатларни талаб этади. Шу ўринда, фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни амалга ошириш, мамлакатимиз энерготизими барқарор ишлаши, ҳамда электр қурилмаларида олиб борилаётган модернизация ишларини ўз вақтида бажарилишига энг катта кўмак бўлиб хизмат қилади.
Хабарингиз бор, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан карантин даврида халқимизга енгиллик яратиш мақсадида қарздор истеъмолчилар (жисмоний)нинг электр энергиясидан вақтинча узилмаслиги бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу ишлар фуқароларимизнинг соғлигига хавф туғдирмаслик ҳамда истеъмолчиларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлардир, албатта. Бироқ таъкидлаш жоизки, бу истеъмолчилар учун айни кунларда имтиёз бўлсада, карантин муддати тугагач йиғилиб қолган қарзлар оила бюджети учун бир мунча ноқулайликларни келтириб чиқариши ҳам мумкин.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ фойдаланилган электр энергияси учун мамлакатимизда мавжуд барча тўлов тизимлари (U-Pay, Click, Payme, Paymo, Paynet) ҳамда банкларнинг мобил иловалари орқали уйдан чиқмасдан туриб тўловларни амалга оширишлари мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтади.
Ҳурматли электр энергияси истеъмолчилари! Мамлакатимиз иқтисодий тармоқларининг узлуксиз фаолият юритишига ўз ҳиссангизни қўшинг ва электр энергиясидан қарздорлик вужудга келишига йўл қўйманг!
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати