ALOQA UCHUN

УЛУҒБЕК МУСТАФОЕВ: БОШ МАҚСАДИМИЗ – АҲОЛИНИ УЗЛУКСИЗ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ

УЛУҒБЕК МУСТАФОЕВ: БОШ МАҚСАДИМИЗ – АҲОЛИНИ УЗЛУКСИЗ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан “2019 йилда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасидаги фаолият: эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда жамият раҳбарияти ва мутасаддилари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев тадбирни кириш сўзи билан очар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан одамларнинг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини қондириш, мамлакатимиз аҳолисининг катта қисми истиқомат қилаётган қишлоқларда шаҳардагидан қолишмайдиган обод турмуш тарзини қарор топтиришга жиддий эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Таъкидланганидек, бугун соҳадаги туб ўзгаришларга давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим дастуриламал бўлмоқда. Хусусан, Президентимизнинг ўтган йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, электр энергияни якуний истеъмолчиларга тақсимловчи ҳамда сотувчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини бошқаришни амалга оширувчи “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ташкил этилди. Мазкур жамият таркибига 16 та корхона киритилган бўлиб, шундан 0,4-6-10-35-110 кВ кучланишли электр тармоқларини эксплуатация, шунингдек, ушбу объектларнинг ривожланиши доирасида янги қурилиш, реконструкция, модернизация, капитал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга оширувчи 14 та ҳудудий электр тармоқларидан иборат.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Давлат дастурлари асосида мамлакатимиз бўйлаб электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини модернизация ва янги қуриш дастури тўғрисида”ги қарори асосида ўтган йилда 7 289,1 километр узунликдаги электр тармоқлари ҳамда 2 701 та трансформатор пункти модернизация ва реконструкция қилинди. Биргина, 2015 йил билан таққослаганда, 840,67 километр узунликдаги электр тармоқлари ҳамда 619 та трансформатор пункти модернизация ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган эди.

Шу билан бирга, қишлоқ ҳудудлари инфратузилмасини яхшилаш мақсадида “Обод қишлоқ” дастури доирасида 2 560 километр электр узатиш тармоқлари, 808 та трансформатор пункти янгидан қурилди. Бундан ташқари, 2 865 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари ҳамда 1 567 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди.

Бу борадаги ишлар “Обод маҳалла” дастури доирасида ҳам изчил давом эттирилмоқда. Ушбу дастур ижросини таъминлаш борасида 227 километр узунликда электр узатиш тармоқлари ва 108 та трансформатор пункти янгиланди. 188 километр электр узатиш тармоқлари ва 272 та трансформатор пункти эса мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Электр ускуна ва тармоқларни янгилашда замонавий технологияларни қўллаш энг муҳим масалалардан биридир. Шу боис, таянчда ўрнатилган герметик трансформаторлар, изоляцияланган СИП симлардан фойдаланиш натижасида электр энергиясини узатишда тармоқдаги йўқотишлар ва инсон ҳаётига хавф солувчи омилларнинг олди олинмоқда. Натижада, истеъмолчиларга электр энергиясини барқарор етказиб берилмоқда ва унинг ишончилилик таъминланмоқда.

Ушбу ишларни амалга ошириш туфайли республикамиз ҳудудларидаги 1,6 мингдан ортиқ маҳалла ва қишлоқлардаги 1,7 млн. нафардан зиёд аҳоли хонадонлари, шу жумладан, “Обод қишлоқ” дастури доирасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши натижасида 481 та қишлоқдаги 102 мингдан ортиқ, шунингдек, “Обод маҳалла” дастури доирасидаги ишлар эса 115 та маҳалладаги 23 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларида электр энергияси таъминотини тубдан яхшиланишига олиб келди.

Шунингдек, истеъмолчиларга қулайликлар яратиш мақсадида 57 та электр туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналари бинолари замонавий архитектура-дизайн талаблари асосида капитал таъмирланиб, 6 таси янгидан қурилди.

Сир эмас, ислоҳотларнинг янги босқичида аҳоли билан, уларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг мутлақо ўзгача тизими  ишга туширилди. Бунинг учун барча давлат ва жамоат ташкилотлари фуқаролардан ўзларига тааллуқли масалаларни қабул қилиш ва ўрганиш мақсадида “Ишонч телефонлари” ташкил этилди.

Айни пайтда ушбу тизим орқали фуқароларнинг мурожаатлари, улар ортида турган муаммолари ўрганилиб, қаноатлантирилаётгани ўз самарасини бермоқда. Хусусан, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларга ўз вақтида ва сифатли жавоб қайтариш мақсадида “1154” қисқа рақамли “Call-centr” ишга туширилди. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳри бўйича тест режимида фаолият бошлаган ушбу “Call-centr” қисқа фурсатларда бутун республика бўйлаб татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Матбуот анжуманида иштирок этган оммавий ахборот воситалари ходимларидан тушган аксарият саволлар электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишларининг бориши ҳақида бўлди.

Бошқарув раиси ушбу мавзуга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиб, айни пайтга қадар мамлакатимизнинг 68 та туман ва шаҳарларида 3 миллиондан зиёд истеъмолчилар хонадонларига замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилгани, 2020 йил якунигача бу кўрсаткични янада ошириш, яъни 7 миллион нафар истеъмолчилар ушбу тизимга тўлиқ уланиши таъминланишини қайд этди.

Таъкидланганидек, ушбу тизимнинг синов лойиҳасини амалга ошириш давомида истеъмолчилардан фойдаланилган электр энергияси учун ҳақ тўлаш даражаси 99 фоизгача ўсди. Бу эса келажакда истеъмолчи ва етказиб берувчи ўртасидаги ҳисоб-китоб тизими ортиқча муаммолардан холи бўлишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир.

Матбуот анжуманида соҳада ўтган йили амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, 2020 йилдаги асосий вазифаларга ҳам ОАВ вакилларининг эътибори тортилди.

Хусусан, жорий йилда 9 304,7 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 3 364 та трансформатор пунктларида модернизация ва янгилаш ишлари ишлари бажарилиши режалаштирилгани, маҳаллийлаштириш дастурига кўра, ўтган йилда электр тармоқлари корхоналари таркибида 4 та темир-бетон таянч ишлаб чиқариш заводлари ташкил этилиб, бу йил ушбу ишларни давом эттириш мақсадида қўшимча равишда соҳа учун зарур ускуналар ишлаб чиқарувчи яна 8 та корхона ишга туширилиши натижасида жойларда эскирган сим-ёғочларни темир-бетон таянчларга алмаштириш ишларини жадаллаштириш имкони яратилиши таъкидланди.

Анжуман сўнгида жамият томонидан 2019 йилда соҳани ислоҳ этиш борасида амалга оширилган ишлар жорий йилда ҳам давом этиши, буларнинг барчаси пировардида аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ишларини янги босқичга олиб чиқиши қайд этилди.

Тадбирда иштирок этган оммавий ахборот воситалари ўзларини қизиқтирган саволларига жамият мутахассисларидан атрофлича жавоб олдилар.

 

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

 

  • 14.02.2020
  • 2216
Sayt xaritasi