“ХОРАЗМ ҲЭТК” ТОМОНИДАН ИСТЕЪМОЛЧИЛАР УЧУН “САLL-МАРКАЗ” ХИЗМАТЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Маълумки, аҳоли томонидан электр энергиясини етказиб бериш бўйича мурожаатларнинг аксарияти телефон тармоқлари орқали амалга оширилади. Айрим ҳолатларда, мисол учун электр энергиясида узилиш бўлган пайтларда соҳа ташкилотлари билан телефон орқали боғланишда ўзига хос муаммолар юзага келиши, бунга сабаб эса битта туман ёки шаҳарда истиқомат қилаётган истеъмолчиларнинг кўпчилиги бир вақтнинг ўзида мурожаат қилиши тармоқ бандлиги ҳолатини келтириб чиқаради.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизимидаги барча ҳудудий электр тармоқларида аҳоли мурожаатларига ўз вақтида жавоб қайтариш мақсадида республикаи бўйича хизмат кўрсатадиган “Саll-марказ” фаолияти йўлга қўйилмоқда. Куни-кеча “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ қошида ҳам шундай марказ ўз ишини бошлади.
“1154” қисқа рақамли “Саll-марказ” хизмати истеъмолчиларга реал вақт режимида электр энергиясини етказиб бериш ва истеъмол қилиш билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишда бевосита ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Эндиликда истеъмолчилар электр энергияси бўйича қарздорлиги, тўловлар ҳақида ва бошқа маълумотларни тўғридан-тўғри телефон қўнғироқлари орқали аниқлаш имкониятига эга бўлмоқдалар.
Шунингдек, қўнғироқлар орқали келиб тушаётган аризаларни, соҳага оид муаммо, таклиф ва шикоятларни ўз вақтида ҳал қилиш, мурожаатлар билан ишлашнинг самарали тизими фаолиятини таъминлаш, мурожаатларни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш механизмлари яратилган бўлиб, бунинг учун замонавий компьютерлар ва алоқа воситаларидан кенг фойдаланилмоқда.
Хусусан, “Саll-марказ” оператор ходимлари eyeBeam дастурий таъминот тизимидан фойдаланган ҳолда истеъмолчилар билан ўзаро мулоқот олиб бормоқдалар, бундан ташқари аҳоли томонидан келиб тушаётган мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш мақсадида “Service Desk” дастурий таъминоти жорий қилинган. Шу билан бирга, ҳар қандай мурожаат бўйича имкон қадар шу вақтнинг ўзида ҳал қилиш чоралари кўрилиб, айрим турдаги мурожаатлар таҳлил қилингач, тегишли бўлимларга ўтказилиши таъминланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Саll-марказ” хизмати кўп каналли бўлиб, бу ерда ўзбек ва рус тилларида хизмат кўрсатилади ва вилоятнинг исталган ҳудудидан “1154” қисқа рақами орқали тезкор ва бепул боғланиш мумкин. Жисмоний ва юридик шахсларнинг кирувчи қўнғироқларини белгиланган тартибда қабул қилиб олиш мақсадида “Саll-марказ” фаолияти кечаю кундуз йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда малакали мутахассислар томонидан сифатли ва ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда, тўлиқ ва тегишли маслаҳатлар берилмоқда.
“Хоразм ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.