ALOQA UCHUN

ИСТЕЪМОЛЧИЛАР УЧУН ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИЛМОҚДА

ИСТЕЪМОЛЧИЛАР УЧУН ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИЛМОҚДА

Мамлакатимиз аҳолисига қулайликлар яратиш мақсадида барча соҳаларда бўлгани сингари энергетика соҳасида ҳам қатор янгилик ва ўзгаришлар бўлаётганини кузатишимиз мумкин.

“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан истеъмолчиларга янада сифатли электр энергияси етказиб бериш мақсадида Гурлан туманидаги 110/10 кВАли “Гурлан” нимстанциясидаги юқори юкламада ишлаб турган қуввати 10 000 кВА бўлган Т-1 трансформатори ўрнига қуввати 16 000 кВА бўлган янги трансформатор ўрнатилиб, ишга туширилди.  Эндиликда 13 000 та аҳоли хонадони, туман марказидаги муҳим бинолар ва ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, 650 та тадбиркорлик субъектлари биносида катта қувватли трансформатор ўрнатилиши натижасида электр энергия таъминоти ишончлилиги ошди. Шу билан бирга туман марказида янгидан ташкил қилиниши режалаштирилган ишлаб чиқариш корхоналари учун ҳам қўшимча қувват захираси яратилди.

Таъкидлаш жоизки, туман аҳолиси эски тарансформатор ўрнига янгиси ўрнатилганидан жуда мамнун.

–  Электр энергия етказиб бериш соҳаси кундан-кунга ривожланмоқда. Қилинаётган ишларни, ўзгаришларни кўриб хурсанд бўламиз. Янгидан ўрнатилган трансформатор ишга тушиши маҳалламиз аҳолисини янада мамнун қилди. Энди иш фаолиятини ташкил қилаётган тадбиркорлар ҳам бемалол электр энергиясидан фойдаланмоқдалар. Бундай қулайликлар учун мутасаддилардан жуда миннатдормиз, – дейди "Навбир ёп" маҳалласида истиқомат қилаётган Эргаш ака Олламов.

Таъкидлаш жоизки, мазкур трансформаторни ўрнатиш ишларига қарийб 2 миллиард 900 миллион сўм маблағ сарфланди. Олдинлари бундай ишлар катта маблағлар эвазига пудратчи ташкилотлар томонидан шартнома асосида амалга оширилган. Жамият томонидан ишчи-ходимлар малакасини ошириш ва  қайта ўргатиш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги туфайли бугунги кунда бундай ишлар корхона ўз ишчи кучи ёрдамида амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ортиқча харажатларнинг олди олиниб, пировард натижада молиявий барқарорликка эришиш имкониятини кенгайтирмоқда.

Гурлан тумани аҳолиси учун янгидан қурилган ушбу трансформатор янада қулайликлар яратиб, сифатли электр энергиясидан фойдаланиш имконини беради, деган умиддамиз.

“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати.

 

  • 07.02.2020
  • 1885
Sayt xaritasi