ЧИРОҚЧИ ТУМАНИДА ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ КОРХОНАСИНИНГ ЗАМОНАВИЙ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар, кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Қашқадарё вилояти ҳам ҳақиқий янгиланишлар, ўзгаришларга юз тутди. Бугун ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ошиб, бу ерда кўплаб йирик ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Энг асосийси, бундай ўзгаришлар ҳудуд аҳолисининг турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилаётир. Бу эса, ўз навбатида, электр энергия таъминоти билан боғлиқ масалаларни янада такомиллаштириш, соҳага янги замонавий технологияларни жорий этишни тақозо этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугун барча соҳаларида бўлгани каби электр энергетика соҳасида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан Чироқчи туман электр таъминоти корхонасининг янги биноси қурилиш ишлари бошланган эди. Куни кеча 2 қаватли ушбу замонавий мажмуанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бино шинамлиги билан бир қаторда замонавий услубда бунёд этилган бўлиб, истеъмолчилар ва ходимлар учун барча қулайликларни ўзида мужассам этган. Замонавий технологиялар билан жиҳозланиши натижасида бу ерда инновацион хизматлар кўрсатиш имконияти яратилиб, малакали мутахассислар томонидан истеъмолчиларга хизмат кўрсатилмоқда.
– Корхонамиз тасарруфида 29 636,3 км электр узатиш тармоқлари, 1221 та трансформатор пункти мавжуд бўлиб, жами 70 355 истеъмолчига хизмат кўрсатади, – дейди “Қашқадарё ҲЭТК” АЖ Техник масалалар бўйича директори С. Асқаров. – Янги бинода бир пайтнинг ўзида электр энергияси истеъмолчиларининг ахборот ва янгиликларга бўлган эҳтиёжини тез фурсатда қондириш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, тадбиркорлар томонидан келиб тушаётган электрон мурожаатларни тезкорлик билан ҳал этиш учун шароитлар яратилгани, қолаверса соҳада олиб борилаётган шу каби саъй-ҳаракатлар маҳаллий аҳолини сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Тадбир қатнашчилари бу ерда яратилган шарт-шароитлар, мавжуд техник ва технологик ускуналар билан танишиб, янги бинодаги қулайликлардан мамнун эканликларини эътироф этишди.
– Бу бино Чироқчи туман марказининг кўркига янада кўрк қўшиши билан бирга, ҳудуд аҳолисига электр энергияси соҳасида замонавий хизматлар кўрсатиш имконини яратгани биз, истеъмолчилар учун чинакам Янги йил совғаси бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Тоғаймурод Бекмуродов.
Тадбирда Чироқчи тумани ҳокими Х. Жўраев ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Ф. Қурбонов сўзга чиқдилар.
“Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.