ALOQA UCHUN

“НАВОИЙ ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ”: ЯНГИЛАНИШЛАР ДАВР РУҲИГА ҲАМОҲАНГ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

“НАВОИЙ ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ”: ЯНГИЛАНИШЛАР ДАВР РУҲИГА ҲАМОҲАНГ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

 

 Навоий шаҳридаги “Coworking” марказида “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятининг жорий йил давомида олиб борган фаолияти якунларига бағишланган Матбуот анжумани ўтказилди.

 Навоий вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари қатнашди.

 Акциядорлик жамияти директорининг Молия ва иқтисод масалалари бўйича директори Бобур Исломов давлат дастурлари ва бошқа муҳим ҳужжатлар ижроси юзасидан журналистларга ахборот берди. Хусусан, вилоят ҳудудида жами 11,6 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари мавжуд бўлиб, 2019 йил давомида 9 минг километр тармоқлар жорий, 1,1 минг километр тармоқлар мукаммал таъмирланди. Бундан ташқари, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва “Обод марказ” дастурлари бўйича жами 6,9 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди. Президент Фармони билан 2019-2020 йиллар давомида “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими” (АСКУЭ)ни жорий этиш – истеъмолчиларга тўлиқ, бепул янги электр ҳисоблагичлар ўрнатиб бериш белгиланган бўлиб, Навоий, Зарафшон шаҳарлари ва Томди, Учқудуқ, Конимех туманларида мазкур ишлар якунланди.

 ­— Корхонамизга жорий йил давомида тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслардан электр тармоқларига улаш бўйича 4 минг 500 га яқин мурожаатлар келиб тушган, – деди ўз сўзида Б.Исломов. – Уларнинг 70 фоизи тўлиқ ижобий ҳал этилган. Қолгани бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

 Матбуот анжумани давомида ютуқлар билан бирга соҳадаги камчиликлар ҳам тилга олинди ва уларни бартараф этиш юзасидан қилинаётган ишларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

 Бундан ташқари, журналистларнинг бир қатор саволларига ҳам мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.

 

“Навоий ҲЭТК” АЖ Матбуот хизмати

  • 13.12.2019
  • 2164
Sayt xaritasi