ALOQA UCHUN

ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА ЎРНАТИЛГАН ЭЛЕКТР ҲИСОБЛАГИЧЛАР БЎЙИЧА ЯНГИ ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ

ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА ЎРНАТИЛГАН ЭЛЕКТР ҲИСОБЛАГИЧЛАР БЎЙИЧА ЯНГИ ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ

 

Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш тартиби соддалаштирилади ва бизнес муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари қабул қилинади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ 2020 йил 1 январдан бошлаб истеъмолчиларга ўрнатилган электр ҳисоблагичларни метрология хизматлари қиёсловидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган этиб белгиланади ва қиёслов бўйича барча харажатларни электр таъминоти ташкилотлари ўз маблағлари ҳисобига қоплайди.

“Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш Дирекцияси” масъулияти чекланган жамият “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг филиалига айлантириш йўли билан қайта ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ 2020 йил 1 июнга қадар электр таъминоти корхоналарида янги биллинг тизимини ҳамда ресурсларни бошқариш, ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларини автоматлаштириш тизими (ЕRP)ни жорий этиш бўйича ўрнатилган тартибда танловни якунлаб, пудратчи билан шартнома тузилишини таъминлайди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ фаолиятини ташкил этиш учун уларнинг таркибидаги ташкилотлар томонидан ажратилаётган ажратмалар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш босқичларини ва қурилиш муддатларини камида 15 кунга камайтириш бўйича янги тартибни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Бунда қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича табақаланган муддатларни белгилаш, ўз вақтида қурилиш-монтаж ишларини бажармаган ташкилотларнинг мажбуриятларини аниқлаш ва қурилиш учун зарур бўлган электр қурилмалар ва материалларнинг нархлари бўйича он-лайн платформани яратиш назарда тутилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича низомга кўра, электр энергиясини ҳисоблаш учун фақатгина Ўзбекистон Республикаси Ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган турлардаги ҳисобга олиш асбобидан фойдаланилиши шарт.

Давлат дастурлари асосида янгидан қурилаётган уй-жойларда фақат электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими учун тасдиқланган техник талабларга мос келадиган электр ҳисоблагичлар ўрнатилиши шарт.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган ҳисобга олиш асбобини қуйидаги ҳолларда қиёсловдан ўтказади:

даврий қиёслашдан – ҳисобга олиш асбобини қиёслашлараро интервал муддати тугаганда;

навбатдан ташқари қиёслашдан – ҳисобга олиш асбобининг қиёслашдан ўтказилганлигини тасдиқловчи пломбаси шикастланганда ёки қайта созлаш ишларини ўтказиш зарурати вужудга келганда;

эксперт қиёслашдан – ҳисобга олиш асбобининг созлиги ёки унинг қўллашга яроқлилиги, метрологик тавсифлари бўйича мунозарали саволлар туғилганда.

Ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервал муддати ўн йилни ташкил қилади.

Электр таъминоти корхонаси ўзининг маълумотлар базаси орқали ҳар бир ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервал муддати ўтишини кузатиб боради ва даврий қиёслашдан ўз вақтида ўтказиш учун жавобгар ҳисобланади.

Истеъмолчи ўз ҳисоблаш асбобини метрология хизматларида мустақил қиёслов ўтказиш ҳуқуқига эга. Бунда электр таъминоти корхонаси истеъмолчининг талабига кўра электр энергиясини ҳисобга олиш асбобини бепул ечиш, ўрнатиш, пломбалаш ва рўйхатдан ўтказишга мажбур.

Ҳисобга олиш ускунаси истеъмолчининг айбисиз вақтинчалик бузилганда ёки қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олинганда электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига ҳисобга олиш асбоби вақтинча ўрнатилади.

Ҳисобга олиш асбоби эксперт текширувидан терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирув, тергов, прокуратура органлари ёхуд суднинг қарорига (ажримига) асосан ўтказилиши мумкин.

Ҳисобга олиш асбобини даврий қиёслашдан ўтказиш ишларини ташкил қилиш

Ҳисобга олиш асбобини даврий қиёслашдан ўтказиш ишлари электр таъминоти корхонаси томонидан ташкил этилади. Бунда келгуси йил учун ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш ишлари бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилади ва ҳар йили 20 декабрга қадар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари томонидан тасдиқланади.

Ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервал муддати тугашидан камида бир ой олдин электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига хабарнома ёзма ёки электрон (электрон почта, мессенжер, смс ва бошқалар) кўринишда тақдим этилади.

Хабарномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервал муддати тугайдиган вақт;

ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш учун электр таъминоти корхонаси ходими борадиган кун;

хабарнома юбораётган электр таъминоти корхонасининг реквизитлари;

бошқа зарур маълумотлар.

Истеъмолчининг ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш, қиёслашдан ўтказиш, ҳисобга олиш асбобини жойига ўрнатиш электр таъминоти корхонасининг ходими томонидан амалга оширилади.

Ҳисобга олиш асбобини даврий қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олиш

“Ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси томонидан қиёслашдан ўтказиш учун белгиланган режа асосида ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш учун электр таъминоти корхонаси томонидан ваколатли ходим юборилади.

Ваколатли ходим соат 8.00 дан 17.00 гача истеъмолчининг ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш ва ўрнатиш учун келиш ҳуқуқига эга. Бунда ваколатли ходим ўз хизмат гувоҳномасини истеъмолчига кўрсатиши лозим.

Ҳисобга олиш асбобини ечиб олишда ваколатли ходим истеъмолчи иштирокида ҳисобга олиш асбоби ва ўрнатилган пломбаларнинг бутлигини текшириб, ҳисобга олиш асбоби ечиб олинганлиги ҳақида уч нусхада далолатнома тузади. Бунда далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи нусхаси электр таъминоти корхонасида ҳамда учинчи нусхаси метрология хизмати органига тақдим этилади.

Далолатноманинг барча нусхалари ваколатли ходим ва истеъмолчи томонидан имзоланади. Далолатномада ҳисобга олиш асбобининг тури, завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси ва унинг ечиб олинган вақтдаги кўрсаткичлари ҳамда бошқа зарур маълумотлар қайд этилади.

Истеъмолчи ваколатли ходим ўз вазифаларини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратиши шарт.

Истеъмолчининг ҳисобга олиш асбоби ечиб олингандан сўнг, унинг ўрнига электр таъминоти корхонаси томонидан бошқа ҳисобга олиш асбоби вақтинча ўрнатилади.

Ҳисобга олиш асбобини даврий қиёслашдан ўтказиш учун метрология хизмати органига топшириш

Ваколатли ходим ҳисобга олиш асбобини, у ечиб олингандан сўнг уч иш куни ичида метрология хизмати органига унинг ечиб олинганлиги ҳақидаги далолатнома билан биргаликда тақдим этади.

Ҳисобга олиш асбобида ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, ҳисобга олиш асбобининг тури ва завод рақами аниқ бўлмаса ёки у шикастланган ҳолатда бўлса, метрология хизмати органи уни қиёслашдан ўтказиш учун қабул қилишни рад этишга ҳақли.

Ҳисобга олиш асбобини қабул қилиб олган метрология хизмати органи ходими унинг қабул қилганлигини тегишли журналда қайд этади.

Ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш учун қабул қилиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда икки нусхада далолатнома тузилади ва метрология хизмати органи ходими ҳамда ваколатли ходим томонидан имзоланади. Бунда далолатноманинг бир нусхаси ваколатли ходимга берилади, иккинчиси эса метрология хизмати органида қолади.

Ҳисобга олиш асбоби қиёслашдан ўтказиш учун қабул қилинганда, электр таъминоти корхонаси билан метрология хизмати органи ўртасида ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш бўйича шартнома тузилади.

 Ҳисобга олиш асбобини даврий қиёслашдан ўтказиш

Метрология хизмати органи томонидан ҳисобга олиш асбоби уч иш куни ичида қиёслашдан ўтказилади.

Ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш натижаси ижобий бўлган тақдирда, ҳисобга олиш ускунаси фойдаланишга яроқли деб топилади ва метрология хизмати томонидан ҳисобга олиш ускунасининг қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақида сертификат расмийлаштирилади.

Ҳисобга олиш асбобининг ҳисоблаш механизми ва созлаш элементига ўзгартириш киритишнинг олдини олиш мақсадида метрология хизмати томонидан тамғаланади.

Ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш натижаси салбий бўлганда, ҳисобга олиш ускунаси фойдаланишга яроқсиз деб топилади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида метрология хизмати масъул ходими томонидан ҳисобга олиш ускунасининг яроқсизлиги расмийлаштирилади. Бунда электр таъминоти корхонаси томонидан янги ҳисоблаш асбоби ўрнатилади.

“Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”да назарда тутилган электр энергиясини ҳисобга олиш истеъмолчининг айби билан бузилган тақдирда (ток ва кучланишни ўлчаш трансформаторларининг ишдан чиқиши, шунингдек, иккиламчи коммутация, ҳисобга олиш асбобининг шикастланиши ва уларнинг йўқолиши) ҳисобга олиш назорат қилиш асбобини ва уларга тегишли асбоб-ускуналарни алмаштириш, таъмирлаш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш истеъмолчи томонидан улар қиймати ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўланган ҳолда, электр таъминоти корхонаси томонидан амалга оширилади.

Ҳисобга олиш асбобини эксперт қиёслашдан ўтказишда манфаатдор шахслар ёки уларнинг вакиллари бевосита иштирок этишлари мумкин.

Замонавий портатив приборлар ёрдамида ҳисоблаш асбоби қиёслашдан ўтказилганда, уни ўрнатилган жойидан ечиш талаб этилмайди.

Қиёслашдан ўтказилган ҳисобга олиш асбобини жойига ўрнатиш

Ваколатли ходим қиёслашдан ўтказилган ҳисобга олиш асбобини ўрнатиб, унинг клеммник қопқоғини (схемасини) пломбалайди ва истеъмолчига ҳисобга олиш асбобининг қиёслашдан ўтганлиги ҳақидаги сертификатнинг нусхасини беради.

Ҳисобга олиш асбоби ўрнатилгандан сўнг, бу ҳақда икки нусхада далолатнома тузилади. Далолатномада ҳисобга олиш асбобининг тури, завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси ва унинг ўрнатилган вақтдаги кўрсаткичлари ҳамда бошқа зарур маълумотлар қайд этилади.

Далолатнома ваколатли ходим ҳамда истеъмолчи томонидан имзоланади. Далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи нусхаси, электр таъминоти корхонасида сақланади.

  • 09.12.2019
  • 3796
Sayt xaritasi