ALOQA UCHUN

ТОШКЕНТ ТУМАНИДАГИ ҲОЛАТ БЎЙИЧА СУРИШТИРУВ ЖАРАЁНЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

ТОШКЕНТ ТУМАНИДАГИ ҲОЛАТ БЎЙИЧА СУРИШТИРУВ ЖАРАЁНЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган “Электр таъминоти билан боғлиқ хавфли вазиятлардан бири сабаб Тошкент туманида бир инсон бевақт вафот этганлиги айтилмоқда” сарлавҳа остидаги видеолавҳа бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан вазият жиддий ўрганилаётгани, ушбу ҳолат тегишли мутасадди ходимларнинг назоратига олинганини маълум қиламиз.

Ўрганишлар давомида аниқланишича, мазкур бахтсиз ҳодиса жорий йилнинг 6 май куни соат 11:00 атрофида Тошкент вилоятининг Тошкент тумани, “Чувалачи” МФЙда содир бўлган. Гуляшнар кўчаси, 110-уй манзилида яшовчи 2002 йилда таваллуд топган Х.Т. юқорида қайд этилган вақтда 110/35/10 кВ “Кенсой” подстанциясидан чиқувчи 10 кВ кучланишли фидер “Нажмиддин”га уланган ГКТП русумли 231-сонли трансформатор пункти ёнидаги темир панжарани ушлаши оқибатида  воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат бўйича Тошкент туман прокуратураси томонидан 2021 йил 24 май санаси билан №15/110-2021 сонли хизмат текшируви ўтказиш бўйича “Тошкент ҲЭТК” АЖга сўровнома юборилган бўлиб, “Тошкент ҲЭТК” АЖнинг 2021 йил 31 майдаги 207-сон буйруғи асосида ички текширув комиссияси ташкил этилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда ушбу бахтсиз ҳодиса содир бўлган вақтдан қарийб бир ой ўтиб ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур видеолавҳа ҳақиқийлиги, яъни у айнан шу ерда фаолият олиб бораётган дўкон камерасига гўёки муҳрлангани, бироқ камера дўконга эмас, айнан воқеа содир бўлган жойга қаратилгани, бундан ташқари камера объективида сана, вақт акс этмаётганлиги каби ҳолатлар қатор саволларни туғдирмоқда.

Суриштирув жараёнлари давом этаётган пайтда жамоатчиликдан якуний хулоса чиқармасликларини, шу билан бирга электр энергияси муҳофаза ҳудудлари, кучланиш мавжуд жойларда эҳтиёткор бўлишларини, носоз электр қурилмаларига дуч келган ҳолда эса дарҳол 1154 қисқа рақами орқали "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг  Call-марказига ёки телеграм мессенжеридаги “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ bilan muloqot”  канал администраторига (@HET_admin) мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.

Шунингдек, бундай ҳолларда электр таъминоти корхоналарининг диспетчерлик хизматларига  хабар бериш мақсадга мувофиқлиги ҳамда мавжуд электр узатиш тармоқлари ва ускуналарнинг кучланиш остида бўлган ток ўтказувчи қисмларга мумкин бўлмаган масофага яқинлашмаслик кераклигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Матбуот хизмати.

  • 04.06.2021
  • 1471
Sayt xaritasi