САМАРҚАНДДА ЯНГИ СЕРВИС МАРКАЗИ:
ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИГА ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Самарқанд шаҳрида «KAIFA» русумли «ақлли ҳисоблагичлар»га сервис хизмат кўрсатувчи Марказ ишга туширилди.
Маълумки,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида электрон ҳисоблагичли абонентлар қамровини 2021 йил якунигача 100 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига жами 7 миллион 418 мингдан зиёд истеъмолчини улаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда бу борадаги ишлар якуний босқичга келиб қолди.
Хусусан, бугунги кун ҳолатига республика бўйича жами 6 миллион 806 мингдан ортиқ ҳисоблагич ўрнатиб бўлинди. Бу эса, ўз навбатида, 92 фоиз истеъмолчининг ҳисоблагичлари тизимга мос ҳисоблагичларга алмаштириб бўлинди, дегани.
Ҳозиргача ушбу ўрнатилган ҳисоблагичларнинг қарийб 4 миллион 793 мингтадан ортиғи биллинг тизимига уланган бўлиб, яъни биллинг тизимига уланган ушбу истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар автоматик равишда амалга оширилмоқда ва ҳисоблагичлар бўйича маълумот олиш ва назорат қилиш имконияти мавжуд.
Жорий йил 23 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказига ташрифи чоғида, бу ерда аҳолига замон талабларига мос равишда хизмат кўрсатиш, электр таъминотини янада яхшилаш бўйича қатор кўрсатмалар берганди. Хусусан, электрон ҳисоблагичлар ўрнатиш – бу биринчи қадам эканлиги, энг қийини олдиндалиги, яъни ҳудудларда, узоқ қишлоқларда ҳисоблагичларни эксплуатация қиладиган профессионал кадрларни етиштириш, тизимнинг ташқи таъсирларга чидамлилигини ошириш, кейинчалик тармоқ эскириши туфайли юзага келадиган ҳолатларни ҳисоб-китоб қилишни ҳозирдан ўйлаш кераклиги, тушумларнинг маълум бир фоизини илмга, модернизацияга йўналтириш зарурлигига эътибор қаратганди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда автоматлаштирилган тизимни амалиётга жорий этиш жараёнида электрон ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш ҳамда кейинги босқичда ҳисоблагичларга сервис хизмат кўрсатувчи Марказлар фаолиятини йўлга қўйиш долзарб масалалардан бирига айланди.
Шу мақсадда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳамда Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида асосан Самарқанд, Жиззах ва Бухоро вилоятлари истеъмолчиларига ўрнатилган «KAIFA» русумли «ақлли ҳисоблагичлар»га техник хизмат кўрсатадиган Марказнинг фойдаланишга топширилиши мазкур ҳудудлардаги электр энергияси истеъмолчиларига қўшимча қулайликлар яратишга қаратилгандир.
Жумладан, Марказда кафолатли бепул ёки пуллик хизмат кўрсатиш, ҳисоблагичдаги нуқсонларни бартараф этиш учун эҳтиёт қисмларни бошқариш, маълум даражадаги носозликларни таҳлил қилиш ҳамда ишдан чиққан электрон қурилмаларга хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Мазкур Марказда 14 та малакали мутахассис учун иш ўрни ҳам яратилди.
Шу билан бир қаторда истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида Жиззах ва Бухоро вилоятларида ҳам ҳисоблагичларга хизмат кўрсатувчи техник офислар очилган бўлиб, улар носозлик аниқланган ҳисоблагичларни таъмирлаш имкониятига эга.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.