БАҒДОД ТУМАНИ “МУРУВВАТ” МАҲАЛЛАСИДА ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ ЯНГИЛАНМОҚДА
Бугунги кунда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш борасида мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам қатор ислоҳотлар, ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада, "Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖ томонидан ҳам Давлат дастурлари, белгилаб олинган вазифалар ижроси доирасида вилоят бўйлаб электр узатиш тармоқларини янгилаш ва жойларга замонавий трансформатор пункларини ўрнатиш ишлари бажарилмоқда.
Хусусан, мутахассислар томонидан Бағдод тумани "Мурувват" маҳалласи ҳудудида ҳам лойиҳа асосида электр тармоқларини янгилашга киришилди. Қисқа вақт ичида маҳаллага 100 га яқин темир-бетон таянчлари олиб келиб ўрнатилди ҳамда 0,5 км узунликда 10 кВли ҳамда 2,0 км масофада 0,4 кВли электр узатиш тармоқлари янгидан қурилди.
Маҳаллий аҳоли сони кўпайиши ҳисобига электр энергиясига талаб ҳам ортиб бораётгани ҳисобга олиниб, ўта зўриқиш билан ишлаб келаётган трансформатор пункти юкини енгиллатиш мақсадида бир дона янги, қуввати 160 кВА бўлган трансформатор пункти олиб келиниб ўрнатилди ҳамда мутахассислар томонидан якуний монтаж ишлари бажарилди.
Бундан ташқари, дастур асосида “Мурувват” маҳалласи ҳудудидаги мавжуд электр қурилмалар ва тармоқларни мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини бажариш ҳам кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунда белгиланган вазифалар ижроси амалга оширилмоқда.
Бу эса ҳудуддаги истеъмолчиларнинг электр таъминоти сифатини ортиши ҳамда барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
"Фарғона ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.