ТАҚСИМЛАШ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ ХОДИМЛАРИНИНГ "КАСБ МАҲОРАТИ" МУСОБАҚАСИНИ ЎТКАЗИШ ОЛДИДАН ЎҚУВ СЕМИНАРИ БЎЛИБ ЎТДИ
Куни кеча Булоқбоши туманидаги ўқув машғулот майдонида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 2021 йил 22 апрелдаги 72-сонли “Тақсимлаш электр тармоқлари ходимларининг касб маҳорати мусобақасини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига асосан, мусобақага тайёргарлик кўриш ва мусобақа босқичлари бўйича амалий ўқув машғулотларини ўтказиш ишларини ташкиллаштириш мақсадида “Андижон ҲЭТК” АЖда ўқув-семинари ўтказилди. Унда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати бошлиғи М. Эгамқулов ва таркибий корхоналарнинг МХТХ бошлиқлари иштирок этдилар.
Ўқув семинари давомида М. Эгамқулов электр қурилмалари эксплуатацияси вақтида тизимда содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар, ходимлар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар тўғрисида ва келгусида бундай хато ва камчиликларни такрорламаслик, содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида тақсимлаш электр тармоқлари ходимларининг касб маҳоратини мустаҳкамлаш, бу борадаги билимларини ошириш зарурлиги, бунинг учун ўқув машғулот майдонларида мунтазам шуғулланиб бориш кераклиги тўғрисида айтиб ўтди.
Шундан сўнг, “Андижон ҲЭТК” АЖ техника масалалари бўйича директор С. Юсупов йиғилганларни касб маҳорати мусобақаси ўтказиладиган ўқув машғулот майдони ҳамда бу ерда иштирокчилар учун яратилган шароитлар билан таништириб ўтди.
Ўқув-семинар сўнгида мусобақа ўтказиш бўйича қуръа ташланди ва мусобақани сифатли ўтказиш мақсадида қўшимча таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилинди.
"Андижон ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.