ҚЎМОНДОНЛИК-ШТАБ ЎҚУВ МАШҚЛАРИ БОШЛАНДИ
Қорақалпоғистон Республикасида “Бошқарув органлари, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган Сарез кўли тўғонининг ўпирилиши оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятда аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқлари бошланди.
Унинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи А.Давлетов ўтказилаётган ўқув машқларининг мақсад ҳамда вазифаларига тўхталди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг жорий йил учун асосий тадбирлар режасига мувофиқ ўтказилаётган ўқув машқларининг мақсади Сарез кўли тўғонининг ёрилиши хавфи туғилганда ёки содир бўлганда табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этишда ФВДТ ҳудудий қуйи тизимлари бошқарув органлари, куч ва воситаларининг тайёргарлик даражасини синовдан ўтказиш ҳамда ҳамкорликдаги ҳаракатларини такомиллаштиришдан иборат.Таъкидлаш жоизки, ушбу ўқув машқларида «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ га ҳам масъулиятли вазифалар юклатилган бўлиб, улар биринчи навбатда эвакуация қилинган аҳолини электр энергияси билан таъминлашдан иборат. Сарез кўлида фавқулодда вазият юзага келган тақдирда Қорақалпоғистон ҳудудига сув 5 кунда етиб келар экан.
Шу пайтгача аҳолини Табаққум деб номланган ҳудудга кўчирилади. У ерда аҳолига электр энергиясини дизеллар ёрдамида етказиб бериш йўлга қўйилиши, кейинчалик эса электр энергияси етказиб бериш тизимида қайта тиклаш амалиётлари бошланиши белгилаб берилган. Машқлар давомида кўчирилганлар учун ҳаётий шароитларни яратиш ҳамда вайрон бўлган ҳудудда мухандислик-коммуникация инфратузилма тизимларини тиклашга тайёргарлик даражаси синовдан ўтказилмоқда.
Жумладан “Ғарбий” давлат корхонасида “Табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар содир бўлганида объект раҳбарлар таркиби ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг ҳамда шаҳар ФВДТ хизматлари билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Уч кун давом этадиган қўмондонлик-штаб ўқув машқлари доирасида Беруний туманида Амударё қирғоқларини мустаҳкамлаш, Хўжайли тумани “Саманкўл” овул фуқаролар йиғинида кўчириладиган аҳолини йиғиш, “Хўжайли” темир йўл бекатида аҳолини ва моддий бойликларни темир йўл ёрдамида кўчириш, Хўжайли тумани марказий ўйингоҳида кўчиб келган аҳолини қабул қилиш, Нукус шаҳридаги “Ашшикўл” ҳудудида сув тошқини сабабли юзага келган вайрона оқибатларини, юзага келган санитария-эпидемиологик ҳолатларни бартараф этиш, қидирув-қутқарув ва тиклаш ишларини амалга ошириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш сингари махсус-тактик ўқув машқларини ўтказиш режалаштирилган.
«Қорақалпоқ ҲЭТК» АЖ матбуот хизмати.