ЯНГИЙЎЛ ШАҲАР ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИДАГИ ҲОЛАТ БАРТАРАФ ЭТИЛДИ. АҲОЛИГА ҚУЛАЙЛИК ЯРАТИШ МАҚСАДИДА ҚЎШИМЧА БАНК КАССАЛАРИ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ
Ижтимоий тармоқларда ҳамда қатор ахборот манбаларида жорий йилнинг 18 май куни Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида хонадонлар огоҳлантиришсиз электр тармоғидан узиб қўйилгани ҳамда мазкур шаҳар электр таъминоти корхонасида электр энергиясидан қарздорлиги учун тўловларни амалга ошириш мақсадида келган фуқаролардан иборат катта навбат қаторлари вужудга келгани тўғрисидаги хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 ноябрдаги “Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида истеъмол қилинган электр энергияси учун қарздор истеъмолчилар масофадан (АСКУЭ тизими) электр таъминотидан узилмоқда. Бу борада барча электр энергияси истеъмолчиларини, шу жумладан Янгийўл шаҳридаги истеъмолчиларни хабардор қилиш мақсадида жорий йил бошидан буён оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилган.
Мазкур санада шаҳар ҳудудида жойлашган қарийб 1, 400,00 дан ортиқ электр энергия истеъмолчиси томонидан фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар бўйича юзага келган қарздорлик сабабли, амалдаги тартиб бўйича АСКУЭ тизими автоматик равишда қарздор истеъмолчиларнинг таъминотини тўхтатган. Шу сабабли мазкур шаҳар электр таъминоти корхонаси биносида электр энергияси бўйича мавжуд қарздорликни аниқлаш ҳамда уни сўндириш мақсадида истеъмолчилар тўпланган.
Бугун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мутасаддилари томонидан ушбу масала жойида ўрганилиб, юзага келган вазиятни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди. Хусусан, электр энергияси истеъмолчиларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида алоҳида тўлов учун дарчалар, қўшимча банк шохобчалари ташкил қилиниб, улар ҳозирги вақтда ҳам фаолиятини тўхтатгани йўқ. Бундан ташқари истеъмолчилар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, яъни автоматлаштирилган тизим қарздорлик юзага келган вазиятда юридик ва жисмоний шахсларни автоматик тарзда тармоқдан узиб қўйиши ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
Шу ўринда истеъмолчиларга фойдаланилган электр энергияси учун мамлакатимизда мавжуд барча тўлов тизимлари (U-Pay, Click, Paynet) ҳамда банкларнинг мобил иловалари орқали уйдан чиқмасдан туриб тўловларни амалга ошириш имконияти мавжудлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Ҳурматли электр энергияси истеъмолчилари!
Фойдаланилган электр энергиясидан қарздорлик ортидан узилишларнинг олдини олиш учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишни унутманг!
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.