ALOQA UCHUN

ҚУВАСОЙ ШАҲАР ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ КОРХОНАСИ ТЎЛИҚ МУКАММАЛ ТАЪМИРДАН СЎНГ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

ҚУВАСОЙ ШАҲАР ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ КОРХОНАСИ ТЎЛИҚ МУКАММАЛ ТАЪМИРДАН СЎНГ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан ишчи-ходимларга меҳнат жараёнларида қулай шарт-шароит яратиш, шу билан бирга корхонага ташриф буюрувчи истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш борасида кейинги йилларда қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Буни шу кунга қадар вилоят бўйлаб 19 та туман шаҳар электр таъминоти корхоналаридан қарийб 16 таси замонавий кўринишда мукаммал таъмирлангани, бугунги кунда ушбу жараёнлар Фарғона тумани, Марғилон ҳамда Қувасой шаҳар электр таъминоти корхоналарида қизғин давом этаётганида ҳам кўришимиз мумкин.

Бугун Қувасой шаҳар электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари учун қувончли кун бўлди. Корхонанинг маъмурий биноси тўлиқ мукаммал таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўриниш касб этгани юқорида таъкидлаб ўтилган саъй-ҳаракатлар замирида мамлакатимиз электр энергетикаси тизимида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганидан дарак бермоқда.

Бинони фойдаланишга қайта топшириш маросимида “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбарияти, Қувасой шаҳар электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари, маҳалла фаоллари ҳамда шаҳар сектор раҳбарлари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчилари ишчи-ходимлар ҳамда корхонага ташриф буюрувчи истеъмолчиларга яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар.

Таъкидлаш жоизки, Қувасой шаҳар электр таъминоти корхонасида жами 51 нафар ишчи-ходим фаолият олиб бориб, шаҳардаги мавжуд 25 мингдан ортиқ истеъмолчига сифатли ва барқарор электр энергияси етказиб бериш йўлида хизмат қилиб келмоқда.

Маълумот ўрнида, таъмирдан чиқарилган бинода иш жараёни учун барча зарур имкониятлар яратилган бўлиб, компьютер ва мебеллар тўпламлари билан тўлиқ жиҳозланган.

Тадбир давомида, “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти мутасаддилари ҳамда мутахассислари томонидан иштирокчилар ва шаҳар сектор раҳбарларига соҳага татбиқ этилаётган АСКУЭ тизими афзалликлари ҳамда корхонада ташкил этилган DATA-CENTER фаолияти билан таништирилди.

Тадбир сўнгида ёши улуғ нуронийлар халқ хизматидаги барча энергетиклар фаолиятига муваффақиятлар тилаб, истеъмолчиларга барқарор электр энергияси етказиб беришдек масъулиятли хизматдан ҳеч қачон чарчашмасин, дея дуолар қилишти.

“Фарғона ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.

  • 17.05.2021
  • 1386
Sayt xaritasi