ПОЙТАХТ ЭНЕРГЕТИКЛАРИДАН ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИГА МУНОСИБ ТУҲФА
Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 25 июнь куни Олмазор туманидаги генерал Собир Раҳимов ҳайкали ўрнатилган хиёбонда бўлиб, «Ғалаба боғи» қурилиши бўйича топшириқлар берган эди. Ушбу топшириқ асосида «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ томонидан кейинги йилларда бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Олмазор туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари томонидан «Ғалаба боғи» мажмуаси ҳудудига 4 дона 630/10 кВ трансформатор подстанциялари ўрнатилди ҳамда 3,8 км узунликдаги қуввати 10 кВ бўлган юқори кучланишли кабель тармоқлари ётқизилиб, мажмуанинг ташқи электр тармоқлари қуриб ишга туширилди.
Шунингдек, «Ғалаба боғи»ни электр таъминоти билан таъминлаш ҳамда ташриф буюрувчиларга муносиб шароит яратиш мақсадида мазкур ҳудуддан ўтувчи қуввати 110 кВ бўлган юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғини 110 кВ кабел тармоғига ўтказиш ишлари амалга оширилиши бўйича ташқи электр тармоқларини қуриш учун кабель тармоқларига алмаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилган эди.
Айни вақтда, ушбу лойиҳага асосан «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ томонидан Олмазор туманида барпо этилган «Ғалаба боғи» ҳудудидан ўтувчи юқори кучланишли 110 кВ ҳаво электр узатиш тармоқларини 110 кВ кабель тармоғига ўтказиш бўйича лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилмоқда.
Бундан ташқари бу ердаги «Ғалаба боғи» ташқи электр тармоқларини қуриш ва қурилиш ҳудудига тушган электр тармоқларини кўчириш, шунингдек 110 кВ ҳаво электр узатиш тармоғини 110 кВ кабель тармоғига ўтказиш ишлари бажарилиши бўйича жами 17,616 км кабель тармоқлари ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.
Бу каби ишлар энергетикларимиз томонидан пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун яқинлашиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига муносиб совға бўлиши шубҳасиз.
«Toshkent shahar ЕТК» AJ матбуот хизмати.