«ФАРҒОНА ҲЭТК» АЖДА ДАВЛАТ ДАСТУРЛАРИ ИЖРОСИ ЮЗАСИДАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган чора-тадбирга асосан, "Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖ томонидан вилоятда “Обод қишлоқ” ва Обод маҳалла” дастурлари ижроси бажарилиши ҳамда АСКУЭ тизимини жорий этилиши юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар қатнашган тадбир аввалида жамият раҳбарияти томонидан 3 май – “Ҳалқаро матбуот эркинлиги куни” билан барча соҳа ходимларини муборакбод этиб, бугунги кунда мамлакатимизда ОАВларга берилаётган эътибор, уларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг, анжуман қатнашчиларига жамият томонидан вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари ижроси юзасидан ҳудудларда бажарилаётган ишлар хусусида ҳисоботлар берилди.
Таъкидланишича, вилоят бўйлаб жами 38 та маҳалла ва қишлоқлар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилган бўлиб, ҳозирги кунгача мазкур маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги электр тармоқлари ва мавжуд электр қурилмалар тўлиқ кўрикдан ўтказилди. Электр таъминотига боғлиқ аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида жами узунлиги 34,2 км бўлган электр тармоқларини тортиш ва 27 дона янги замонавий трансформатор пункти ўрнатиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Дарҳақиқат, бугун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси доирасида барча маҳаллаларда бу борадаги ишлар бошланиб, шу кунга қадар 19 км узунликдаги 0,4-6-10 кВли янги электр тармоқлари қурилди. Бундан ташқари жойларда белгиланган лойиҳаларга асосан, 25 дона янги замонавий трансформатор пунктлари ўрнатилди.
Тадбир давомида йиғилганлар эътибори электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни Фарғона вилоятида жорий этилиши бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга қаратилди. Қайд этилишича, тизимнинг тўлиқ ишга туширилгунича юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, сифатли якунига етказиш соҳа ходимлари олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Бу борада журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олдилар.
Матбуот анжумани очиқ мулоқот тарзида ўтиб, иштирокчиларнинг таклиф ва ташаббуслари атрофлича тингланди.
"Фарғона ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.