“ДЎНГАРИҚ” МАҲАЛЛАСИДА ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ЯХШИЛАНМОҚДА
Маълумки, кейинги йилларда аҳоли сони ўсиши, ҳудудларда саноат корхоналарининг ривожланиши баробарида электр энергиясига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Чунончи, Мирзаобод тумани “Дўнгариқ” маҳалласи истеъмолчиларига сифатли ва барқарор электр энергияси етказиб бериш борасида “Сирдарё ҲЭТК” АЖ томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимиз Президентининг «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» Давлат дастурлари асосида маҳаллий аҳолининг электр таъминотини яхшилаш мақсадида, хусусан, якка тартибда қурилган уй-жойларда аҳоли томонидан қўлбола усулда тортилган ҳаво тармоқларини янгилаш ишлари бошлаб юборилди.
Таъкидлаш жоизки, шу кунгача “Дўнгариқ” маҳалласи “Пахтаобод” кўчасига 38 дона 0,4 кВли янги темир-бетон устунлар ўрнатиш ишлари олиб борилиб, 1 минг 700 метр узунликда СИП ҳаво тармоғи тортилди. Шу билан бирга, 10 кВли 10 дона таянч ўрнатилиб, 500 метр узунликда электр тармоқлари қурилди. Қуввати 160 кВА бўлган янги трансформатор пункти ўрнатилгани эса мавжуд қувватларни янада ошириш имконини берди.
Бу борадаги ишлар якунига етгач, ушбу маҳалла тўлиқ сифатли электр энергияси билан таъминланишини қайд этиб ўтиш жоиз.
“Сирдарё ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.