СИРДАРЁГА ЭЛЕКТР УСКУНАЛАРИ ОРТИЛГАН КАТТА ЮК КАРВОНИ ЕТИБ КЕЛДИ
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан мамлакатимиз аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни сифатли электр энергиясига бўлган талабини қондириш борасида қатор чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ҳудудларга электр энергиянинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида электр ускуналари ортилган катта юк карвони жўнатилмоқда.
Кеча навбатдаги шундай катта карвон Сирдарё вилоятига ҳам етиб келди.
Биламизки, электр энергиясига бўлган эҳтиёж ўтган даврга нисбатан сезиларли даражада ортиб бормоқда, – деди “Сирдарё ҲЭТК” АЖ директори А. Хайдаров. – Бу аҳоли сони ўсиши ва саноат корхоналари ривожланиши билан бирга тадбиркорликка яратилаётган кенг имкониятлар, янги қад кўтараётган бинолар, иншоотларни бир маромда сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилгани билан боғлиқдир. Бугун вилоятимизга 9 та турли хил қувватдаги трансформатор подстанциялари, 13,1 км узунликдаги замонавий кабеллар, 2 та ямабур техникаси ва бошқа зарур электр ускуналар ортилган катта юк машиналар карвони етиб келгани электр энергия таъминотини янада яхшилашга хизмат қилади, албатта.
Бугунги кунда юртимизда шароити оғир бўлган 796 та қишлоқ ва шаҳарларда 188 та маҳалла мавжуд. 4 мингдан зиёд маҳалланинг эса электр таъминотини тубдан яхшилаш зарур. Бу эса, ўз навбатида, айни ҳудудлардаги электр таъминотини тубдан яхшилаш кераклигини кўрсатмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” томонидан бу йил мамлакат бўйлаб 5 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформаторларни янгилаш режалари белгиланган бўлиб, бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» Давлат дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, Сирдарё вилоятида жорий йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йиллар мобайнида паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йилда вилоятимизнинг 148 та маҳаллалари ҳудудларида 986,5 км узунликдаги электр тармоқлари ва 263 дона трансформатор пунктларини реконструкция қилиш ва янгидан қуриш режалаштирилган.
Кўрилаётган бундай чора-тадбирлар Сирдарё вилоятида мавжуд муаммоларни бартараф этишда муҳим омилдир.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.