«ПАРВОЗ» ЯНАДА КЎРКАМ МАСКАНГА АЙЛАНМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» Давлат дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилган эди.
Айни шу вазифалар ижроси доирасида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ таркибий корхоналари томонидан «Маҳаллабай» ишлаш тизими йўлга қўйилди. Тизим асосида ишларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳридаги Яшнобод туманида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Айни вақтда, «Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ томонидан Яшнобод туманидаги «Парвоз» маҳалласида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш учун амалий ишлар бошлаб юборилди.
«Парвоз» маҳалласи ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйларнинг электр тармоқларини янада яхшилаш ҳамда истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш борасида ҳудуддаги маънан эскирган, муддатини ўтаб бўлган қуввати 10 кВ бўлган 2662-сонли эски трансформатор пункти ўрнига маҳаллага янги 2 та қуввати 2 ГКТП 630/10 кВА бўлган юқори кучланишли трансформатор пункти ўрнатиб берилди.
Ҳозирги кунда ушбу юқори қувватли трансформатор пунктини ишга тушириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бунинг натижасида маҳаллий аҳолининг мушкули яна ҳам осонлаштирилиши кўплаб хонадонларда содир бўлаётган узилишларнинг олди олинади.
Шу билан бир қаторда, «Маҳаллабай» ишлаш тизими доирасида «Парвоз» маҳалласидаги кўп квартирали уйларда истиқомат қилаётган аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратиш, ҳудудни меъморий қиёфасини тубдан яхшилаш, йўлларни текислаш, болалар майдончаси, автотураргоҳ ҳамда маъданий ҳордиқ чиқариш объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли, амалий ишлар олиб борилмоқда.
«Toshkent shahar elektr tarmoqlari korxonasi» AJ ҳамда унинг тасарруфидаги барча туман электр таъминоти корхоналари томонидан пойтахт маҳаллаларида ободонлаштириш ишларини олиб бориш, «Обод маҳалла» ва «Обод хонадон» мезонларини кенг тарғиб этиш бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда.
«Toshkent shahar ЕТК» AJ матбуот хизмати.