Франциянинг EDF компанияси вакиллари Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими фаолияти билан яқиндан танишдилар
Бугун Франциянинг нуфузли EDF компаниясининг халқаро алоқалар, Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича масъул вакиллари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш Маркази”да бўлиб, бу ерда ташкил этилган замонавий иш жараёнларини яқиндан кузатдилар.
Танишув давомида Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ж. Обиджонов Марказ фаолияти билан меҳмонларни таништирар экан, бу ерда дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган сервер қурилмалари ўрнатилгани, улардаги дастурий таъминот орқали қарийб 20,0 млн. истеъмолчига хизмат кўрсатиш имконияти мавжудлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
-“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан бундай тизимнинг йўлга қўйилиши катта ютуқ деб ҳисоблайман. Ўрнатилган жиҳозлар ҳамда тизим менда катта тассурот қолдирди. Бир вақтнинг ўзида қарздор истеъмолчиларни тўлиқ автоматик равишда ўчириш ва сарф қилинган электр энергияси учун тўлов амалга оширилгандан сўнг қайта ёқиш, ҳамда энергетика тизимини назорат қилиш каби вазифаларни марказлашган тарзда бошқаришга эришиш ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг энергетика тармоғини рақамлаштиришдаги ўзига хос катта қадамлардан деб ҳисоблайман, - дейди компаниянинг халқаро алоқалар бўйича катта вице-президенти Беатрис БУФФОН хоним.
Маълумот ўрнида: “Еlectricitу de France” EDF – Франциядаги ва дунёда энг йирик энергетика компанияси ҳисобланиб, 25 млн.дан ортиқ истеъмолчиларга хизмат кўрсатади.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати