“ИННОПРОМ-2021”. НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТЛАР РАҲБАРЛАРИ ЯНГИ МАРКАЗ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ЯҚИНДАН ТАНИШДИЛАР
Шу кунларда Тошкентнинг “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида ўтказилаётган “ИННОПРОМ. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмасига ташриф буюрган бир гуруҳ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари мамлакатимизда энергетика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш истагини билдирдилар. Хусусан, "Роснефть" компанияси экс-президенти Сергей Богданчиков, Қирғизистон Республикаси энергетика ва саноат вазири Кубаничбек Турдубаев бошчилигидаги делегация аъзолари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш Маркази”да бўлиб, бу ерда ташкил этилган замонавий иш жараёнларини яқиндан кузатдилар.
Қайд этиш жоизки, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида амалга оширилган мазкур лойиҳа мамлакатимизда энергетика соҳасини янада ривожлантириш, хусусан, электр энергия таъминотида инновацион технология ва ечимлардан фойдаланиш имконини кенгайтиргани билан аҳамиятлидир.
Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Ж. Обиджонов Марказ фаолияти билан меҳмонларни таништирар экан, бу ерда дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган сервер қурилмалари ўрнатилгани, улардаги дастурий таъминот орқали қарийб 20,0 млн. истеъмолчига хизмат кўрсатиш имконияти мавжудлиги ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек республика, вилоят, туман (шаҳар) ва маҳаллалар кесимида электр энергияси истеъмолчиларининг маълумотлари сақланиши, шу билан бир қаторда дастурий таъминот орқали электр энергиясининг соатлик, суткалик, ойлик ва йиллик балансларини шаклллантириш, кўп тарифлик тизимида ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкони мавжудлиги йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Бундай тизимнинг Марказий Осиё давлатлари орасида айнан Ўзбекистонда жорий этилиши мамлакатингизда электр энергетика тармоғини рақамлаштириш борасида катта қадамлар қўйилганидан далолат бермоқда. Очиғини айтаман, Тошкентда бундай йирик лойиҳа тез фурсатларда ишга туширилади, деб ўйламаган эдим. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергияси ҳисобининг замонавий тизимига ўтишлиши ўзбек халқи фаровонлигига хизмат қилиши баробарида соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, республикада рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқаро миқёсда ҳам ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши шубҳасиз, – дейди "Роснефть" компанияси президенти Сергей Богданчиков.
Нуфузли меҳмонларга, шунингдек, қарздор истеъмолчиларни тўлиқ автоматик равишда ўчириш ва сарф қилинган электр энергияси учун тўлов амалга оширилгандан сўнг қайта ёқиш, масофадан туриб электр ҳисоблагичларни қайта дастурлаш, истеъмолчилар ҳисоблагичларидан олинган маълумотларни қайта ишлаш ҳамда энергетика тизимини назорат қилиш каби вазифаларни амалга ошириши тақдимотлар орқали тушунтириб берилди.
Амалиётга бундай замонавий тизимнинг жорий этилиши истеъмолчи ва етказиб берувчи ўртасида ишонч ва шаффофликни таъминлайди, деб ҳисоблайман. Ўзбекистонда энергетика соҳасида бундай йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши таҳсинга лойиқ, албатта. Бизнинг мамлакатимизда ҳам энергетика соҳасига бу каби тизим яқин келажакда жорий этилади, деган умиддаман, – дейди Қирғизистон Республикаси энергетика ва саноат вазири Кубаничбек Турдубаев.
Учрашув сўнгида нуфузли делегация аъзолари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан тизимда олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатларга юқори баҳо бериб, Фахрий меҳмонлар китобида самимий тилак ва дил изҳорларини ёзиб қолдирдилар.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.