ALOQA UCHUN

МИРЗО УЛУҒБЕК ТУМАН ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ КОРХОНАСИ ТОМОНИДАН КЕНГ КЎЛАМЛИ ИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

МИРЗО УЛУҒБЕК ТУМАН ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ КОРХОНАСИ ТОМОНИДАН КЕНГ КЎЛАМЛИ ИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

Аҳолининг сифатли электр энергиясига бўлган талабини қондириш, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш соҳа ходимлари олдида турган асосий вазифалар сирасига кириб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, десак муболаға бўлмайди.

«Toshkent shahar ЕТК» AJ  тасарруфидаги Мирзо Улуғбек туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари томонидан  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш Дастури тўғрисида»ги 2661-сонли қарорига асосан жойларда белгиланган мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, биргина туманнинг «Мунаввар қори» маҳалласида паст кучланишли электр тармоқларини реконструкция ва модернизация ишлари доирасида эски, яроқсиз ҳолга келган симёғочларни янгисига алмаштириш, қуввати 0,4 кВ бўлган паст кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқларида демонтаж, монтаж ишлари бажарилди.

Бир неча йиллардан бери электр таъминотида узилишлар кўп бўлаётганди. Бундан ташқари, симёғочлар ўз муддатини ўтаб бўлганди. Мана, ҳозир туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари томонидан олиб борилган бу борадаги ишлар туфайли анча ўзгаришлар бўлди, – дейди ушбу МФЙда истиқомат қилувчи Одил ака Сатторов.

 Маҳаллий аҳоли вакиллари таъкидлаганидек, эски тансформаторларнинг тўсатдан ўчиб қолиши бир неча бор аҳолининг электр таъминотисиз қолишига сабаб бўлган эди. Бугун эса ўша ҳудудда 630 кВА қувватга эга замонавий янги трансформатор ўрнатиб берилди. 10 дан ортиқ темир-бетон устунларга янги русумдаги СИП кабеллари тортилиб, электр таъминоти барқарорлигига эришилмоқда.

 Электр таъминоти корхонамиз томонидан аҳоли пунктларига янги трансформаторлар ўрнатилиши натижасида электр энергияси таъминоти янада яхшиланди. Ҳозирда туманимиздаги «Камолот» ҳамда «Шалола» МФЙларида ҳам бу каби ишлар давом эттирилмоқда. Бундан ташқари, паст кучланишли трансформатор подстанцияларида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари, шунингдек  жойлардаги маънан ҳамда жисмонан эскирган электр қурилмаларида модернизация жараёнлари изчиллик билан давом эттирилмоқда, – дейди ТЭТК бошлиғи Н. Исроилов.

 «Toshkent shahar ЕТК» AJ  матбуот хизмати.

  • 06.04.2021
  • 1309
Sayt xaritasi