ДУНЁДАГИ ЭНГ УЛУҒ САОДАТ...
Аёл – мўътабар зот, миллатимиз келажаги. Бежизга донишмандлар хотин-қизлар эъзозланган, қадрланган юртнинг бугуни ва эртаси фаровон бўлади, дейишмайди. Бинобарин, уларнинг оиламизда, жамиятимизда тутган ўрни беқиёсдир. Шу жиҳатдан кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлагани ҳам ана шу эҳтиром ва эъзознинг улуғ кўринишидир.
Бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби, электр энергетикаси тизимида ҳам фидойи, кучли масъулият туйғуси ва меҳнатсеварлиги билан бошқаларга ўрнак бўлаётган опа-сингилларимиз, масъул вазифаларда хизмат қилаётган аёлларимиз сезиларли ўринга эга бўлиб, ўз фаолиятларида катта ютуқларга эришмоқдалар.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ташкил топгандан кейин янги фаолият босқичига қадам қўяр экан, тизимда меҳнат қилаётган хотин-қизлар мавқеини янада ошириш, гендер тенгликни таъминлаш масалаларига раҳбарият томонидан алоҳида эътибор қаратилди. Аввалари энергетика соҳасида аёл ходимларни раҳбар лавозимларига тайинлаш амалиёти деярли бўлмаган десак, муболаға бўлмайди. Бугун эса Жамият таркибий корхоналарида қарийб 2780 нафар аёл-қиз меҳнат қилаётгани, шулардан раҳбар ва масъул лавозимларда 63 нафари фаолият олиб бораётгани алоҳида эътирофга лойиқдир.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, 14 та таркибий корхонадан биттасига аёл раҳбар тайинланди, иқтидори ва етакчилик қобилияти туфайли эса беш нафар опа-синглимиз раҳбар ўринбосари сифатида ишлаб келмоқда, шу билан бирга Хотин-қизлар Кенгаши томонидан тизимдаги хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар – буларнинг барчаси “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда аёллар масалаларига катта эътибор қаратилаётганидан далолат бермоқда.
Жамиятда хотин-қизларнинг муносиб меҳнат қилиши, қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун етарли шарт-шароитлар яратилиши, уларнинг ишдаги ўрни ва мақомини янада мустаҳкамлаш, фаолияти ва илғор иш тажрибасини оммалаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар натижасида кўплаб аёлларимиз нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, энергетика соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси учун Мустақил давлатлар ҳамкорлиги Электр энергетика кенгашининг “Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида хизмат кўрсатган энергетик” фахрий унвон ва ёрлиқлари билан тақдирландилар.
Дарҳақиқат, бугун юртимиз тараққиёти, хусусан, электр энергетикаси тизими ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, меҳнаткаш, фидойи хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Элу юртга хизмат қилиш эса инсон умрининг ҳақиқий безаги ҳисобланади. Мамлакатимиз юксалиши, халқимиз фаровонлиги йўлида кечани кеча, кундузни кундуз демасдан меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз фидокорона хизматларини қадрлаб, ҳар қанча эътироф этсак, тизим ривожи йўлида самарали изланишлар олиб бораётган нозик хилқат эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватласак арзийди.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча хотин-қизларни, ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлмиш мунис оналаримиз, момоларимиз, меҳрибон опа-сингилларимизни, энергетика соҳасида фаолият олиб бораётган аёлларимиз ва фахрийларимизни яқинлашиб келаётган нафосат ва гўзаллик айёми – Халқаро хотин-қизлар байрами билан табриклаб, дунёдаги энг улуғ саодат – оилавий бахт Сизларга доимо ёр бўлсин, деб қоламиз!
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.