Бугун ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Узун туманида яшовчи фуқаро томонидан янги ўрнатилган электр ҳисоблагич истеъмол қилинган электр энергиясини кўп ҳисоблаётганлигини ҳамда ўзи томонидан юритилган ҳисоб-китоб орқали унга ортиқча пеня маблағлари ҳисобланиб келинаётганлиги тўғрисида видео тарқалди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.
Видеода истеъмолчи томонидан билдирилган фикрлар мутлақо асоссизлигини қатор омиллар орқали билиб олиш мумкин. Хусусан:
биринчидан, мазкур ҳолатга ҳисоблагичнинг умуман алоқаси йўқ. Яъни, истеъмолчига ўрнатилган ҳисоблагич асосан сарф этилган электр энергиясини ҳисобга олади ва маълумотларни тизимга узатади. Маълумотлар базасида сарф этилган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар “Электроҳисоб” дастурида акс этади ва буни ҳар бир истеъмолчи “Шахсий кабинет” орқали кузатиб бориши мумкин;
иккинчидан, истеъмолчи ўз ҳисоб-китоблари орқали хулоса билдирган. Ваҳоланки, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) ҳисоблагич орқали келган маълумотларни юқори аниқликда ҳисобга олади ва сақлаш имконига эга.
Шу ўринда эслатиб ўтмоқчимиз, замонавий ҳисоблагичлар ишлаб чиқарилаётган заводларда ҳар бир ҳисоблагич инсон омили таъсирисиз алоҳида, бир нечта босқичли кўриклардан ўтказилади. Яъни давлат метрологик кўрсаткичлари талабига жавоб бермаса, яроқсиз деб топилади ва фойдаланишга чиқарилмайди.
Маълумки, юқоридаги истеъмолчига 2020 йил 19 январда “Электронҳисоблагич” МЧЖ ҚҚ томонидан ишлаб чиқарилган ЕХ18 русумли ЕХ-2987020 рақамли ҳисоблагич ўрнатилган бўлиб, “Ўзстандарт” агентлигининг хулосасига кўра Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган талабларга тўлиқ жавоб беради. Янги ҳисоблагич ўрнатилган вақтда, эски ҳисоблагичда мавжуд 2 093 сўм олдиндан ҳақдорлик янги ҳисоблагичга ўтказилган бўлган.
Истеъмолчи 2021 йил 15 январда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автомталаштирилган тизими (ЭЭҲО ва НҚАТ)га уланган. Бу даврга қадар ҳисоблагич кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан қайд этиб борилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари” 22-сонли қарорининг 113-бандида “Маиший истеъмолчилар тўлов бўйича қарздор бўлганда, тўлов муддати ўтган ҳар бир кун учун тўлов муддати ўтган сумманинг 0,1 фоизи миқдорида, лекин муддати ўтган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайдилар. Пеня ҳисобга олиш прибори кўрсаткичлари ёзиб олингандан кейин ва амалга оширилган қайта ҳисоб-китоблардан сўнг, шунингдек, белгиланган тартибда киритилган олдиндан тўлов ҳисобга олинган ҳолда, ҳисоб-китоб давридан кейинги ойнинг 11-кунидан бошлаб маиший истеъмолчининг аниқлаштирилган қарздорлик (тўланманган қарз) суммасидан ундирилади. Пеняни ҳисоблаш учун қарздорлик ҳосил бўлган ой аниқланади ва қарз тўланган ҳар бир ой бўйича муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня шу ойдан бошлаб ҳисобланади” деб белгиланган.
Юқорида кўрсатилган бандга асосан 2021 йилнинг 15 январь куни “Ҳудудий электр тармоқлари” биллинг дастурий таъминотига 5514 ҳисоблагич кўрсаткичи ЭЭҲО ва НҚАТ орқали қабул қилинган. Аввалги дастурда мавжуд ҳисоблагич кўрсаткичи кунидан бошлаб амалга оширилган қайта ҳисоб-китоблардан сўнг, қарздорлик ҳосил бўлган ой аниқланиб, муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня ҳисобланган. 22-сон қарорнинг 77-бандига асосан, истеъмолчининг фойдаланган электр энергияси учун қарзи бўлган тақдирда, унинг аванс тўлови ҳисобига ўтказилган маблағлари қарзни қоплашга йўналтирилади ва аванс тўлови (олдиндан ҳақ тўлаш) сифатида ҳисобга олинмайди.
Шулардан келиб чиқилиб, истеъмолчи 2021 йил 16 январда 1 000 000 сўм тўлов суммасининг асосий қисми фойдаланган электр энергияси ва ҳисобланган пеня бўйича қарздорликни қоплаш учун йўналтирилган.
Эслатиб ўтамиз, ЭЭҲО ва НҚАТ истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш олдиндан тўланган тўлов доирасида амалга оширилиши белгиланган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ истеъмолчилардан текширилмаган маълумотлар асосида турли хил чалғитувчи ва нохолис ахборотлар тарқатмасликни сўраб қолади.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.