“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ: ТРАНСФОРМАЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИ УЧУН ХАЛҚАРО КОНСАЛТИНГ КОМПАНИЯСИ ВАКИЛЛАРИ ЖАЛБ ЭТИЛДИ
2021 йил 8 февраль куни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев ҳамда “McKinsey&Company” халқаро консалтинг компанияси вакиллари ўртасида музокара ўтказилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишда давлат компанияларини трансформация қилишни жадаллаштириш зарурлиги, айниқса электр энергетикаси, нефть-газ ва кимё саноати, машинасозликдаги йирик корхоналарни ислоҳ қилишга халқаро тан олинган компаниялар жалб этилиши муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган эди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Мурожаатномада белгиланган вазифалар, хусусан, электр энергетикаси тизимини янада ислоҳ қилиш орқали аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш, шунингдек, Жамият ва унинг таркибидаги корхоналарда бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш (ERP) тизимини жорий этиш, электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш ҳамда SMART GRID – ақлли тармоқ тизимини яратиш, молиявий ҳисоботларни ҳалқаро стандартлар асосида шакллантириш ҳамда босқичма-босқич амалиётга жорий этиш мақсадида “McKinsey&Company” халқаро консалтинг компанияси вакиллари иштирокида таҳлил ишлари бошлаб юборилди.
Музакоралар давомида У. Мустафоев Жамият томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада юқори поғонага кўтариш учун тизимни чуқур таҳлилдан ўтказиш ва тизимли камчиликларни аниқлаш орқали харажатларни қисқартириш бўйича ўз таклифларини билдириб ўтди.
Ўз навбатида, халқаро компания вакиллари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбариятига ҳамкорлик ҳамда таҳлилий жараёнларда яратиб берилган шарт-шароитлар учун самимий миннадорлик билдириб, “McKinsey&Company” томонидан таклиф, тавсия ва якуний ҳисоботлар асосида тегишли хулосалар ишлаб чиқилишига келишиб олдилар.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.