КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ
Куни кеча “Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖда тизимда яширин иқтисодиёт, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ катта терговчиси Шохжаҳон Дусмуродзода, вилоят прокуратураси катта ёрдамчиси Алишер Бобомуродов, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат хизмати бошлиғи Хусниддин Алламуродов ҳамда “Сурхондарё ҲЭТК” АЖ раҳбарияти ва ишчи-ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, ҳар қандай давлатнинг ривожланиши давлат хизматчиларининг ватанпарварлиги, зиммасидаги масъулиятни тўлақонли англаши, садоқати ва фидойилигига боғлиқдир. Ушбу хислатларга эга бўлмаган давлат хизматчиси коррупциядан холи бўла олмаслиги, натижада порахўрликка, мансабини суиистеъмол қилишга, пировардида ўзи ишлаб турган ташкилотнинг обрўсизланишига сабаб бўлади. Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етади. Коррупция муроса қилиб бўлмас глобал таҳдид ҳисобланиши, шу сабабли дунё миқёсида барча давлатларда бу иллатга қарши курашиб келинаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
Айтиш мумкинки, “Сурхондарё ҲЭТК” АЖ ва унинг таркибидаги электр таъминоти корхоналарида ҳам коррупцияга қарши курашиш борасида ички назорат тизими фаолияти такомиллаштирилган. Яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш юзасидан 2020-2021-йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, Жамият ва унинг таркибидаги туман, шаҳар электр таъминоти корхоналарининг маъмурий биноларида жисмоний ва юридик шахслар, уларнинг вакилларини қабул қилишда шаффофликни таъминлашга кенг эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш, яъни электр энергияси сарфини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилаётгани қатор қулайликлар яратиш билан бир қаторда, коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин бўлган айрим омилларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, тадбирда аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратилиб, кўп ҳолларда бу борада етарли маълумотга эга бўлмаслик нохуш ҳолатларга сабаб бўлаётганлиги таъкидланди. Сўзга чиққанлар ушбу йўналишда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини ошириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдириб ўтдилар.
"Сурхондарё ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.