ALOQA UCHUN

ОАВ ХОДИМЛАРИ АСКУЭ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ИШЛАРИ БИЛАН ЯҚИНДАН ТАНИШДИЛАР

ОАВ ХОДИМЛАРИ АСКУЭ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ИШЛАРИ БИЛАН ЯҚИНДАН ТАНИШДИЛАР

Бугун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари билан яқиндан таништириш мақсадида Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази ҳамда “Elektron xisoblagich” МЧЖ ҚКда ОАВ ходимлари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021 йил июль ойига қадар республика бўйлаб 7,4 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Айни кунгача Жамиятнинг ўз маблағлари ҳамда қатор халқаро ташкилотлар инвестициялари ҳисобидан 4,7 миллиондан ортиқ замонавий ҳисоблагич ўрнатиб бўлинди. Электрон ҳисоблагичлар Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси ҳамда “Электрон ҳисоблагич” ҚК ва “Тошэлектраппарат” МЧЖлар томонидан етказиб берилмоқда.

Тадбир “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов иштирокида ОАВ ходимлари ва блогерлар учун матбуот анжумани билан бошланди. Унда иштирокчилар замонавий ҳисоблагичларнинг афзаллик томонлари, уни амалиётга татбиқ этишдан кутилаётган самара ва кўзланган натижалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.

Жорий этилаётган АСКУЭ тизими ҳамда истеъмолчиларга ўрнатилаётган “ақлли ҳисоблагичлар”нинг асосий вазифаси фойдаланилган электр энергияси учун амалга оширилаётган ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлашга қаратилган, – деди Ж. Обиджонов. – Бугунги кун ҳолатига республика бўйича жами 4 миллион 765 минг 255 нафар ёки 64 фоиз истеъмолчи қамраб олинган бўлса, 2,5 миллион ёки 51 фоиз истеъмолчи “биллинг” тизимига улаб бўлинди.

Тадбир қатнашчилари Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Айтиш ўринлики, мазкур Марказда республика, вилоят, туман (шаҳар) ва маҳаллалар кесимида электр энергияси истеъмолчиларининг маълумотлари сақланади. Шу билан бир қаторда дастурий таъминот орқали электр энергиясининг соатлик, суткалик, ойлик ва йиллик балансларини шаклллантириш, кўп тарифлик тизимида ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкони мавжуд. Бундан ташқари, қарздор истеъмолчиларни тўлиқ автоматик равишда ўчириш ва сарф қилинган электр энергияси учун тўлов амалга оширилгандан сўнг қайта ёқиш, масофадан туриб электр ҳисоблагичларни қайта дастурлаш, истеъмолчилар ҳисоблагичларидан олинган маълумотларни қайта ишлаш ҳамда энергетика тизимини назорат қилиш каби вазифаларни амалга оширади.

Марказ Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси томонидан Корея, Хитой, Сингапур ва АҚШ каби дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган сервер қурилмалари билан таъминланган.

Тадбир давомида ОАВ ходимлари “Elektron xisoblagich” МЧЖ ҚКда бўлиб, ҳисоблагичларнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан ҳам яқиндан танишдилар.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

  • 24.11.2020
  • 1974
Sayt xaritasi