“ЖИЗЗАХ ҲЭТК” АЖ: РЕЖАЛИ ИШЛАР ДАВОМ ЭТТИРИЛМОҚДА
Пандемия шароити аҳолининг кўчалардаги ҳаракати, меҳнат қилиши ва фаровон турмуши учун ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Бу борада Зомин туман электр таъминоти корхонаси ҳар қандай шароитда ҳам иш фолиятини бир зум тўхтатмай, айни кунгача электр тармоқларида режали ишларни давом эттириб келмоқда.
Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишни таъминлаш, вилоят туманларида ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларини барқарор ишлашга тайёрлаш, жумладан, электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш бўйича “Жиззах ҲЭТК” АЖ тасарруфидаги туман электр таъминоти корхоналари томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Хусусан, Зомин туман электр таъминоти корхонаси томонидан куз-қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли истеъмолчилари ва ишлаб чиқариш корхоналарини кафолатли электр энергияси билан таъминлашга қаратилган жорий йилги чора-тадбирларга асосан, 161,9 км 0,4-6-10 кВли ҳаво тармоқлари, 28 дона 10/0,4 кВ трансформатор пункти мукаммал, шу билан бирга, 275,5 км 0,4-10-35-110 кВли ҳаво тармоқлари, 40 дона трансформатор пунктларида жорий таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, бугунгача бу борадаги ишлар деярли тўлиқ ниҳоясига етказилди.
Булар ҳаммаси эмас. Ўзбекистон Республикаси Призидентининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли тармоқларни янгилаш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги ПҚ-2661-сонли ҳамда Ҳукуматнинг бошқа қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида туман электр таъминоти корхонаси томонидан 2020 йилда 48,4 км ҳаво тармоғи қуриш ва 12 дона трансформатор пункти ўрнатиш бўйича режалаштирилган ишлар ҳам сўнгги паллада турибди.
Сир эмаски, ҳудуд инфраструктураси яхшиланиши билан бу ерда аҳоли турар жойлари, бошқа маиший объектлар жадал суръатларда барпо этила бошлайди. Бу борада сифатли электр энергияси етказиб бериш масаласи муҳим аҳамият касб этади, албатта.
Буни яхши англаган туман электр таъминоти ишчи-ходимлари электр узатиш тармоқларини доимий кўздан кечириб, носозликларни бартараф этиш, юклама билан ишлаётган трансформатор пунктлари юкламасини камайтириш мақсадида қўшимча, каттароқ қувватли узатмаларни ўрнатиш ишларини олиб бормоқдалар.
Хусусан, «Навбаҳор» МФЙ ҳудудида жойлашган 27-сонли трансформатор пунктига қўшимча қуввати 100 кВА бўлган бир дона, «Ширин» МФЙ ҳудудаги 69-сонли трансформатор пункти юкламасини камайтириш мақсадида 350 метр узунликда 10 кВли электр узатиш ҳаво тармоғи тортилиб, қуввати 160 кВА бўлган бир дона янги замонавий трансформатор пункти ўрнатилди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида тармоққа янги уланган, умуман олганда 120 дан ортиқ аҳоли истеъмолчисининг электр энергия таъминоти яхшиланиб, соҳа заҳматкашларидан миннатдорлиги ортиб бормоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугун Зомин туман электр таъминоти корхонаси томонидан 1440 та улгуржи ҳамда 26641 та аҳоли истеъмолчиларига ишончли электр энергияси етказиб берилмоқда.
“Жиззах ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати.