ХОРАЗМДА КУЗ-ҚИШ МАВСУМИДА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАЪМИНОТИ СОҲАСИДА ҚАНДАЙ ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛМОҚДА?
2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш бугун соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
"Хоразм ҳудудий электр тармоқлари" АЖ томонидан ҳам бу борада қатор амалий ишлар бажарилмоқда.
Айни пайтда жамият томонидан вилоятдаги 61 дона 35-110 кВли нимстанция, 12 416,2 км 0,4-110 кВ электр узатиш тармоқлари ҳамда 4522 дона 10/0,4 ва 6/0,4 кВ кучланишли трансформатор пунктлари орқали истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябридаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизациялаш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги 2661-сонли қарори бўйича Хоразм вилоятида жорий йилда 344,1 км электр тармоқлари тортилиб, 134 дона трансформатор пункти ўрнатилган. 2020-2021 йил куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига барқарор электр энергияси етказиб бериш мақсадида 4 дона 35-110 кВ кучланишли куч трансформатори, 578,2 км узунликда 110-0,4 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари, 307 дона 6-10/0,4 кВ кучланишли трансформатор пункти мукаммал таъмирдан чиқарилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Бундан ташқари, куз-қиш мавсумида авария ҳолатларини тезкорлик билан бартараф қилиш мақсадида 41 та авария бригадаси ташкил қилиниб, уларга махсус автомашиналар бириктирилди. Шу жумладан, 19 та махсус автомашина (автокран, экскаватор, устун ташувчи, ер қазувчи) мавсумга тайёрлаб қўйилди.
14,0 км кабель маҳсулотлари ва симлар, 33 та турли қувватдаги трансформатор, 84 дона темир-бетон таянч, 70 дона муфта, 12,0 т трансформатор мойи, 150 дона коммутация ускунаси ва 1450 дона изолятор шай ҳолатга келтирилиб, қўшимча захиралар яратилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида электр энергия таъминотини янада яхшилаш мақсадида олиб борилган янги қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари натижасида 130 та маҳалладаги 94300 та аҳоли хонадони ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилаётган электр энергияси сифати янада яхшиланди.
"Хоразм ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.