ПОЙТАХТ ТУМАНЛАРИДА ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ МУКАММАЛ ТАЪМИРДАН ЧИҚАРИЛМОҚДА
«Toshkent shahar ETK» AJ тасарруфидаги туман электр таъминоти корхоналари ишчи-ходимлари томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда жойлардаги мавжуд ер остидан ўтган кабель тармоқлари ва ҳаво электр узатиш тармоқларини назорат қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари бир маромда олиб борилмоқда.
Хусусан, Мирзо Улуғбек туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш Дастури тўғрисида»ги ПҚ-2661 сонли қарорига асосан «А.Навоий» ҳамда «Олимлар» МФЙ ҳудудларидаги “Шерозий” 1,2 ва “Рахимова” фидеридан таъминланувчи қуввати 0,4 кВ бўлган паст кучланишли 2435 ва 1383-сонли трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш, ҳаво тармоқларини дарахт шохларидан тозалаш, салқи симлар таранглигини тортиш, авария холатига келиб қолган таянчларни соз ҳолатга келтириш ишлари амалга оширилмоқда.
Миробод туманида истиқомат қилувчи 40 801 нафар аҳоли истеъмолчиларига эса бир меъёрда сифатли электр энергиясини етказиб бериш ва бу борадаги ишларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Туман электр таъминоти бўлими ходимлари томонидан «Темирйўлчилар» МФЙдаги 400 нафардан зиёд аҳоли истеъмолчиси учун мўлжалланган электр энергиясини тақсимлаш пунктларини ҳамда ҳаво электр узатиш тармоқларини назоратдан ўтказиш чораларини кўришгани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. Бу каби ишлар хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда бажарилмоқда.
Бундан ташқари, Юнусобод туманидаги барча электр энергиясини тақсимлаш пунктларидан 10 донаси мукаммал таъмирлаш режасига киритилган бўлиб, айни дамда «Ғайратий» МФЙ «Шаҳристон» кўчасидаги (450 нафар аҳоли мавжуд) электр энергиясини тақсимлаш пунктида бу борадаги амалий ишлар олиб борилаётганини қайд этиш жоиз.
«Toshkent shahar ЕТК» AJ матбуот хизмати.