ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР АҲОЛИ ТУРМУШ ДАРАЖАСИНИ ЮКСАЛТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Бугунги кунда Андижон вилоятида туман, шаҳар электр тармоқлари корхоналари томонидан соҳани янада ривожлантириш ва модернизациялаш, тизимга замонавий энергия манбааларини татбиқ этиш, электр энергиясини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш ва қайта тикланувчан электр энергия манбааларини аниқлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишларда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Айниқса, электр энергияси таъминотидаги муаммоларнинг олдини олиш, истеъмолчиларнинг таъминот корхоналари олдидаги қарздорликларини камайтириш борасида қилинаётган ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Президентимизнинг электр энергияси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан аҳоли хонадонларига электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган замонавий ҳисоблагичлар бепул ўрнатилмоқда.
Албатта, бундай янги инновациялар амалиётга жорий этилаётгани электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш механизмини такомиллаштириш баробарида, ушбу манбадан тежамкорлик билан фойдаланишга хизмат қилади.
Хусусан, Шаҳрихон туманида замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатиш, истеъмолчиларни АСКУЭ тизимига тўлиқ улаш ишлари доирасида 5900 та замонавий электр ҳисоблагич олиб келинди. Айни вақтда Шаҳрихон туманидаги “Андижонлик”, “Шаҳрихонлик”, “Абдусамат”, “Муллавой”, “Қора кўрпа”, “Ўрта Шаҳрихон” ва “Бувайдо” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларига жами 3000 дона ҳисоблагич ўрнатилди.
Айни кунларда Жалақудуқ, Балиқчи туманларида бу борадаги ишлар режа асосида амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жамият ходимлари томонидан вилоятда АСКУЭ тизимини жорий этиш, янги ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари давомида карантин талабларига қатъий риоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, юқоридаги ишлардан кўзланган асосий мақсад истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, қолаверса одамларни қийнаб келаётган электр энергияси билан боғлиқ муаммоларга чек қўйишдир.
"Андижон ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.